09:50 / 12.04.2018
15635

Тошкент шаҳар ҳокими фармойиши ижросига нега сусткашлик билан қаралмоқда?

Фото: KUN.UZ

Пойтахт ҳокимининг 2017 йил 11 октябрда эълон қилинган  “Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш майдонларида экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик, қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда транспорт воситаларидан фойдаланиш  маданиятига риоя қилиш ва шаҳар кўчаларини тоза сақлаш тўғрисида”ги Фармойиши ижроси таҳлил этилганда, жойларда бу борада талайгина муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланди, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Жумладан, туман ҳокимликлари, архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан белгиланган вазифалар ижросига  масъулиятсизлик билан қаралмоқда. Хусусан, қурилиш объектларини режалаштириш ва лойиҳалаштиришда шаҳарсозлик қоидаларига у қадар риоя этилмаяпти. Шаҳар кўчаларини ифлослантиришни олдини олиш бўйича зарур чораларга “панжа” ортидан қараб келинмоқда.

Пойтахт маркази ва ҳудудларидаги  ижтимоий соҳа объектларига, жумладан қурилиш ишлари олиб борилаётган йўллар, хиёбонлар ва янги турар жой биноларига кириб чиқаётган юк автомашиналарининг тозалигига эътибор қаратиш масаласи ҳам пайсалга солинмоқда. Бу бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари қоидабузар ҳайдовчиларга тегишли чоралар кўрмаяпти. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 147-моддасида, катта ва кичик автотранспорт воситаларининг атрофни ифлослантириши ёки автоуловдан тоза-озода  фойдаланмаслиги,  жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган. Ана шундай ҳолатлар табиийки шаҳар кўркини бузмоқда. Масалан, турли маиший чиқиндиларни ўзбошимчалик билан юк машинасида ташилиши оқибатида атрофга чанг-ғубор тарқалмоқда. Натижада йўл четидаги ариқ-зовурлар қум-тупроқ уюмлари билан тўлиб, санитар қоидаларга мутлақо зид ҳолат юзага келяпти.  

Пойтахтни гулу-чаманзорга айлантириш, мегаполис кўринишига келтириш, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш борасидаги улкан бунёдкорлик ишлари сўнгги уч  йилда беш баробарга ортган. Афсуски, бу каби эзгу ташаббуслар самараси, шаҳар ҳудудларидаги айрим мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида кўзга ташланмаяпти. Яхшиямки баҳорнинг илиқ кунларида ёғаётган ёмғир Яратганнинг раҳмати каби кўчалардаги чанг-ғуборларни ютиб, бизга мусаффо ҳавони ҳадя этмоқда. Аммо, жазирама ёз эшик қоқаётган дамда, бу каби масалаларга жиддий эътибор қаратмасак, сўнг қилган барча уринишларимиз бесамар кетиши-айни ҳақиқат. 

Top