Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси тайёрланиб, муҳокамага қўйилди.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишдан мақсад аҳолининг уй-жойга доир ҳуқуқлари амалга оширилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.
Тайёрланган лойиҳада фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларда қурилган ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни эълон қилиш назарда тутилмоқда.
Шундай қилиб, мазкур Фармон қабул қилинган вақтдан олдин қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (ўзбошимчалик билан қурилган иморат) нисбатан мулк ҳуқуқини ушбу объектга ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс қуйидаги шартлар асосида олади:
- ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши;
- ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини, шунингдек унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги лозим бўлади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Шу билан бирга, лойиҳада ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузиладиган махсус Комиссиянинг тақдимига биноан туман (шаҳар) ҳокими қарори билан амалга оширилиши ҳам назарда тутилган.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш билан бир вақтда мулкдорга қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларда, меъёрдан ортиқ қисми захира ерларига олинган ҳолда, иморат қурилган ер участкасига (ер участкасининг бир қисмига) нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам берилади. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ шахсий уй-жой қуриш ва уйга хизмат кўрсатиш учун бир оилага 0,06 гектаргача (6 сотихгача) майдонда ер участкасига нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади.
















