Жамият | 20:37 / 16.04.2018
37474
4 дақиқада ўқилади

Ҳаракатлари ноқонуний деб топилган туман Мажбурий ижро бюроси катта миқдордаги зарарни қоплайди

Фото: KUN.UZ

«Kun.uz» таҳририятига бир муддат аввал ХК «TOUR AND TRANSPORT SERVICE» аризаси келиб тушган эди. Унда айтилишича, Хўжалик суди 2017 йилнинг 14 апрелида корхонага нисбатан Хитой компанияси фойдасига 69 минг 787 АҚШ доллари миқдорида қарздорлик белгилаган.

Мажбурий ижро бюроси ҳаракатлари давомида 2017 йилнинг 6 майида №23300/22-сонли инкассо топшириқномасига асосан, қарздорнинг ҳисоб рақамида хорижий валюта бўлмагани сабабли қарздорнинг Марказий банк томонидан белгиланган сўмга нисбатан қиймати миқдорида 268 миллион 535 минг 179 сўм миқдоридаги пул маблағи суд ижрочиларининг депозит ҳисоб рақамига ундирилган. Бироқ, валютани сотиб олиш бўйича АТИБ «Ипотека банк» Юнусобод филиалига аризани топширишни ойлаб чўзиб юрган. Бунинг сабабини сўраб Юнусобод МИБ бўлимининг бир неча ходими билан боғланишга уриндик, улардан ҳеч қандай жавоб бўлмади. 

2017 йилнинг 2 сентябрида «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177 сонли фармони чиқиб, валюта сотиб олиш икки баробар ошиб кетгач, Юнусобод МИБ ходимлари тезда банкка ариза беришган. Аммо, август ойида ҳам тахминан 4210 сўм бўлган, бирданига сентябрдан 8100 сўм деб белгиланган давлат курси бўйича ўша пайтдаги 69 минг 787 АҚШ доллари деярли икки баробар қийматини йўқотган. Юнусобод МИБ айби билан вақтида сотиб олинмаган доллар ҳисобига 313 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги камомад вужудга келган. Тадбиркор Юнусобод МИБ ходимларига бир неча марта нега ўз вақтида депозит ҳисоб рақамдаги суммани долларга ўтказиш бўйича ариза топширилмаётгани сабабини билиш учун мурожаат қилган.

Бу орада эса суд ҳам МИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топган ва тадбиркорнинг ҳисоб рақамлари фаолиятига қарши тақиқларни бекор қилишни талаб қилган. Мазкур ишларни амалга ошириш ўрнига МИБ ходимлари 313 миллион сўмни тўлаши учун тадбиркорга 5 кунга ҳисоб рақамини очиб берган. Бироқ бу ҳолатда ҳақ эканини билган тадбиркор талабни бажармаган. Юнусобод МИБ ходимлари эса (А.Мирзакаримов, А.Мавлон ва У.Тешаев) тадбиркорнинг 26та (Nissan, Toyota, Captiva, Lacetti бўлган) машиналарига нисбатан қидирув эълон қилдирган, унинг иш жойини муҳрлаган. Ҳатто тадбиркорга атиги иккита машинасининг нархи бўлган машиналарни баҳолатишини ҳам кутишмаган. Тадбиркор эса ўз фаолиятини юрита олмай, 11 ойлик сарсон-саргардонликдан сўнг 20 нафар ходимидан айрилган ва компания банкротлик ёқасига келиб қолган.

Тадбиркор Юнусобод МИБ фаолияти устидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза берган. Иш 2018 йилнинг 30 мартида судья И.Б.Ҳакимова томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Kun.uz махсус мухбири ҳам ишда қатнашди. Суд жараёнида иккинчи томондан ҳеч ким иштирок этмади. Иқтисодий суд хўжалик процессуал кодексининг 130-моддасига таяниб, уларнинг иштирокисиз ҳам ишни кўриб чиқди. Суд даъвогарнинг талабини қондирди ва Юнусобод МИБ келтирган зарар - 313 миллион 835 минг 741 сўм ундириладиган бўлди. Адолат ўрнатилиб, тарафларга қарордан норози бўлган ҳолларда, белгиланган муддатда, юқори турувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги уқтирилиб иш тугатилди.

Қарздорлик масаласида-ку адолат ўрнатилди, лекин 11 ойлик сарсонликдан сўнг ташкилотда ишлаётган 20 нафардан ортиқ ходим ишидан айрилди. Компания маънавий ва моддий зарар кўрди. Яна уларнинг касбига совуққонлиги сабабли давлат бюджетига 313 миллиондан ортиқ сумма миқдорида зарар келтирилди. Ўзбошимчалик билан иш тутган МИБ ходимларига нисбатан бундан буёғига қандай чоралар кўрилади? Зарар қопланиши масаласи нима бўлади? Айби бўлмаган тадбиркорлар мансабдор шахслар томонидан сарсон бўлиши қачонгача кузатилади? Ахир бундай ҳолатлар жазосиз қолмаслиги керак-ку?..

Мавзуга оид