20:18 / 20.04.2018
22531

“Mening fikrim” веб-портали ишга тушди: Ўзбекистон қонунлари бўйича таклиф бериш имконияти яратилди

Фото: KUN.UZ

2018 йил 20 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Mening fikrim” веб-порталининг meningfikrim.uz тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур портал орқали Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат бериш имконияти тақдим этилади. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, мамлакат қонунчилик тизимини ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдириши мумкин бўлади.

Хўш, ушбу портал қай тартибда ишлайди?

Даставвал мурожаатчи Ягона идентификация тизимида (id.gov.uz) ўз шахсини тасдиқлаганидан сўнг, “Mening fikrim” веб-порталининг бош саҳифасидаги махсус тугмани босиб тегишли жойга мурожаат матнини киритиши лозим. Мазкур мурожаатни Ягона идентификация тизими (id.gov.uz) орқали ўз шахсини тасдиқлаган фойдаланувчилардан камида 5 нафари қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Бунинг учун мурожаат фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этилади.

Мурожаат етарли миқдорда овоз тўпласа, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизага қабул қилинади. Институт мурожаатни ўрнатилган талабларга мувофиқлигини текшириш учун экспертиза ўтказади. 

Шу ўринда мурожаатни йўллашда эътибор бериш лозим бўлган жиҳат шундаки, айрим мурожаатлар кўриб чиқилмайди. Булар:
- мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган даъватлар;
- жамиятнинг маънавий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини поймол қиладиган;
- уруш, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилиш, миллатлараро, ирқий, диний адоват, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни қўзғатиш тўғрисидаги;
- террорчилик ҳаракатларини содир этишга, қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга даъват қилиш тўғрисидаги ва низомда белгиланган бошқа масалалар.

Фото: KUN.UZ

Институт мурожаатга ижобий хулоса берганидан сўнг бир кун ичида мурожаат умумий овоз бериш учун «Mening fikrim» веб-порталида эълон қилинади. Агар мурожаат белгиланган талабларга жавоб бермаса, у рад этилади ва мурожаат муаллифига хабар берилади.

Фуқаро томонидан берилган мурожаатга умумий овоз бериш эълон қилинганидан сўнг 90 кун давомида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси,  халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000та овозни,  халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000та овозни тўплаши талаб этилади. Етарли миқдордаги овозларни тўплаган мурожаат Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан кейинги кундан кечиктирмай ваколатли давлат органларига юборилади.

Олий Мажлис палаталари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади ва «Mening fikrim» веб-порталида жойлаштирилади. Мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги талаб этилади.

Таъкидланишича, мазкур портал бир йил мобайнида синов тариқасида фаолият юритади. Бу вақт мобайнида барча ютуқлар ва камчиликлар ўрганилиб, унинг натижасидан келиб чиққан ҳолда портал ишига тузатишлар киритиб борилади. Бундан ташқари, тез орада порталнинг мобил иловаси, мобил сайти, Telegram мессенжер тармоғида саҳифаси очилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрида Олий Мажлис палаталарига мурожаатида “Mening fikrim” веб-порталини ишлаб чиқиб, ишга тушириш таклифини илгари сурган эди. 2018 йил Давлат дастурининг 34-бандида ҳам мазкур веб-портални ишлаб чиқиш учун эътибор қаратилганди. Шу муносабат билан “Uzinfocom” ягона интегратори томонидан ушбу портал қисқа муддатда, содда, халқчил ва осон тушунадиган тарзда ишлаб чиқилди. 

Ундан кўзланган мақсад:

-  Парламент ва маҳаллий Кенгашлар томонидан ташаббускори халқ бўлган ижтимоий-иқтисодий долзарб муаммоларни кўриб чиқишнинг самарали механизмини яратиш; 
-  Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш; 
-  Республикадаги энг долзарб муаммолар тўғрисида статистик маълумотларни тўплаш; 
-  Ҳар бир фуқарога унинг ижтимоий мақоми, жинси, тили, дини, миллатидан қатъий назар долзарб муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан овоз бериш имкониятини яратиш бўлса, 

-  Давлат ҳокимияти органларининг фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва уларнинг фуқаролар билан ҳамкорлигини таъминлаш; 
-  «Халқ билан мулоқот» орқали самарали ва халқчил қонунларни қабул қилиш; 
-  Қонунчиликка таклифларни бериш;
-  Таклифларни 90 кун давомида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш вазифалари сифатида белгилаб берилди. 

Тақдимот чоғида маълум қилинишича, “Mening fikrim” махсус веб-портали концепциясини ишлаб чиқишда 10 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси чуқур ўрганилди ва уларнинг ижобий жиҳатларидан унумли фойдаланилди. Бундан ташқари, шу йилнинг 15 февралида Олий Мажлис депутатлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ҳамда ННТлар вакиллари иштирокида кенг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

2018 йил 13 апрель куни “Mening fikrim” веб-портали лойиҳаси Конрад Аденауэр фонди билан ҳамкорликда германиялик экспертлар томонидан халқаро экспертизадан ўтказилди ва таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Top