11:28 / 20.04.2018
18851

Россия ФХХ Telegram’ни нега блоклашга қарор қилгани маълум бўлди

Фото: Иллюстратив сурат /Сергей Коньков

Россияда Telegram мессенжерини блоклашнинг ҳақиқий сабаби эгасининг ўз криптовалютасини ишга тушириш бўйича режалари бўлган, дея хабар беради РБК.

Россияда Telegram мессенжерини блоклашга қаратилган муваффақиятсиз уринишлар сўнгги кунларда Россия ФХХнинг 12-маркази ходимлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ўртасида фаол муҳокама қилинган. Хусусан, 18 апрель куни ФХХ 12-марказининг ходими Роман Антипкин ҳамкасбларига хат йўллаб, унда Россияда Telegram блокланишининг ҳақиқий сабаби Павел Дуров мессенжер асосида «бутунлай назорат қилинмайдиган молиявий тизимни» ишга тушириш ниятида эканига боғлиқлигини билдирган.

«Ҳамкасблар, гап умуман бошқа нарса ҳақида! Гап калитлар ва терроризмда эмас. Паша Дуров янги Мавродига айланишга қарор қилди. У ўз криптосини ишга туширгач, Россияда бутунлай назорат этилмайдиган молиявий тизим пайдо бўларди. Ҳамда бу маргиналлар учун биткоин эмас, бу оддий, ишончли ва назорат этилмайдиган нарсага айланади. Бу мамлакат хавфсизлигига таҳдид. Барча гиёҳванд моддалар, нақдлаштириш, органлар савдоси Пашанинг криптаси орқали ўтарди, у эса: «Менинг айбим йўқ, сўзларни тақиқланг, улардан террорчилар фойдаланмоқда», дейди», - дейилади Роман Антипкин томонидан имзоланган хатда.

РБК Роман Антипкин билан боғланишга уринган. У Telegram блокланиши билан боғлиқ вазиятда ўзининг ўрни ҳақидаги биринчи саволга шундай жавоб қайтарди: «Ҳамма алдамоқда, мен ҳеч қандай изоҳ бермайман ва сиз нима ҳақида гапираётганингизни тушунмаяпман».

ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар маркази бу борада изоҳ бермаган. Шунингдек, Павел Дуров ҳам жавоб қайтармади.

Павел Дуров Gram криптовалютасига эга Telegram Open Network (TON) номли блокчейн-платформани ишга тушириш ниятида экани 2017 йилнинг охирида маълум бўлди. Лойиҳа Telegram техник директори ва Павел Дуровнинг акаси Николай Дуров томонидан имзоланган 132 саҳифали ҳужжатда батафсил ёритилган. Яратувчилар Telegram мессенжерига TON блокчейни асосида тўлов тизимини жойлаштиришни мўлжаллашмоқда, истиқболда эса у бошқа сервислар ва ижтимоий тармоқларга кириб боради. Дуровлар томонидан ишлаб чиқилаётган блокчейн, ҳужжатда айтилишича, у сониясига миллион транзакцияларни қайта ишлай олади. Шу билан бирга, криптовалютадан фойдаланувчи энг оммабоп тўлов тизими Bitcoin сониясига фақат 9-12 транзакцияни қайта ишласа, Visa ва MasterCard эса – сониясига бир неча мингта транзакцияларни.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Telegram блокланиши туфайли бошқа сервислар ишида носозлик юз бериши керак эмаслиги ҳақида маълум қилганди.

 

Top