Жамият | 20:29 / 21.04.2018
50135
5 дақиқада ўқилади

Тўй ва бизнес. Визасиз режим тожиклар ва ўзбекларга нима берди?

Жорий йилнинг 16 мартидан эътиборан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бир-бирларининг ҳудудида бир ой мобайнида визасиз қолишлари мумкин. «Дўстий» назорат ўтказиш пункти Душанбега энг яқини, у Тожикистон пойтахтидан бор-йўғи 70 км нарида жойлашган.

Фото: theopenasia.net

«Очиқ Осиё онлайн» мухбирлари НЎПда бўлиб, чегараларнинг очилиши нафақат қариндошчилик алоқаларининг тикланиши, шунингдек бизнес ривожига ҳам таъсир қилганини аниқлашди.

Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода шаҳрига бораётган машиналар учун терминалда чегарагача мижозни элтиб қўювчи таксичилар пайдо бўлган. Бир ўрин учун улар 20 сомоний (2,2 доллар) сўрашмоқда.

Фото: theopenasia.net

— Кунига мен уч марта чегарагача келаман ва қайтаман. Бундан ортиғига кучим ҳам хоҳишим ҳам етмайди, лекин куннинг исталган вақтида ҳар икки тарафдан келиб кетувчилар кўп, — дейди журналистларга ҳайдовчи Абдураҳмон Самиев. Унинг айтишича, мижозлари асосан Сариосиё туман аҳолиси бўлиб, улар қўшни давлат пойтахтини айланиб, кечқурун уйларига — Ўзбекистонга қайтишади.

Расмий маълумотларга кўра, «Дўстий» НЎПни ҳар икки томондан кунига 2 минггача ҳар икки давлат фуқаролари кесиб ўтмоқда.

Палапартиш бозор

НЎП олдида одамлар издиҳоми кўзга ташланади. Аниқланишича, маҳаллий аҳоли Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлар сотиладиган бозорча очишибди.

Савдо қилаётганларининг айтишларича, Деновдаги марказий бозоргача бориш 11 сомоний (1,2 доллар) га тушади. Бу ердаги нархлар эса Турсунзодадагидан арзонроқ ва ундан булар фойдаланишмоқда. Деновдан маҳсулотларини олиб келиб, чегарада сотишмоқда.

Ўзбекистонлик 30 ёшли Самандар Қодиров ҳар тонг сингиллари билан Тожикистонга келади ва кечқурун қайтади.

Фото: theopenasia.net

Улар нўхатнинг бир килосини 12,5 сомоний (1,4 доллар) га пуллашади. Регарнинг ўзида нўхатнинг бир килоси 17 сомоний (1,9 доллар), Душанбеда эса 18 сомоний (2 доллар) туради.

— Биз бу ерда кунига 300 килогача нўхат сотамиз. Баъзан Қўрғонтепадан харидорлар келади ва барча қопларимизни сотиб олишади. Мана, ҳозир сотаётган қопим тугаса, акам яна икки қоп келтириб ташлаб кетади, — дейди Қодиров.

Ҳар икки томондаги чегарачилар озиқ-овқат маҳсулотлари олиб ўтилишига тўсқинлик қилишмаяпти. Асосийси — сифат сертификати бўлса бас.

53 ёшли Акрамбой Мамадов ҳар куни Ўзбекистонга конфет, ширинлик ва болалар ўйинчоғи келтириш учун ўтади. У бизнес қилишга қарор қилган, чунки уйда ўтириш зерикарли. Бу эркак бутун умр меҳнат мигранти сифатида пул топган.

Бир йилча аввал у қандли диабетга чалинган, энди Акрамбой ака оғир ишларни қила олмайди.— Чегара очилгач, мен бизнесни йўлга қўйишга қарор қилдим. Энди оиламга, болаларимга фойда келтиряпман. Дори-дармонларимга ҳам етаяпти, — дейди у.

Фото: theopenasia.net

Унинг барча товарлари 15 сомоний (1,6 доллар) туради. Душанбеда уларнинг нархи 30 сомоний (3,4 доллар)га тенг. Ўзбек савдогарлари пойтахт ёки бошқа шаҳарларда савдо қилишмайди. Йўл харажатлари маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келади.

Made in Tajikistan

Ўзбекистонликлар ҳам Тожикистонда харид қилишмоқда. Масалан, алюминий буюмлар: мантиқозон, қозонлар ва ҳ.к. LG телевизорларини ҳам сотиб олишмоқда.

Жўрабек Алиев 100 сомоний (11 доллар) дан 10 та мантиқозон сотиб олибди. Айтишича, ўзлари учун олибди, онаси қариндошларига совға қилар экан.

— Агар қариндошларимизга Тожикистоннинг мантиқозонлари ёқса, уни бозорларда ҳам сотиш мумкин бўлади. Асосийси — қариндошларнинг маъқуллови, — дея кулади Алиев.

Фото: theopenasia.net

Душанбе бозорларига таъсир

Биз бозорчада бўлиб турганимизда, Душанбедан машиналар келиб, унинг йўловчилари турли маҳсулотлар — тухум, мева, ўйинчоқлар ва нўхатни улгуржи харид қила бошлашди. Ўз исмини Сирожиддин деб атаган ҳайдовчилардан бири сотиш учун эмас, ўзи учун харид қилаётганини таъкидлади.

— Чегарадан машинада ўтиш учун 50 долларга яқин бож тўлаш керак. Одамлар эса сотишдан олдин устига қандайдир нарх қўйишган бўлиши мумкин, лекин барибир бу ердаги нарх-наво Душанбедагидан анча арзон, — дейди Сирожиддин.

Фото: theopenasia.net

Айтиш керакки, чегаралар очилгач, Ўзбекистондан маҳсулотлар импорти Душанбе бозорларидаги нархларга жиддий таъсир ўтказди. Айтайлик, энди бир қоп ун аввалги 180 сомоний (20 доллар) ўрнига 140 сомоний (15 доллар), бир қути тухум аввалги 27 сомоний (3 доллар) ўрнига 18 сомоний (2 доллар), майиз 35 сомоний (4 доллар) ўрнига 20 сомоний (2,2 доллар), шакар 8 сомоний (0,8 доллар ўрнига 6 сомоний (0,6 доллар)  сотилмоқда.