Боғча учун тўловларда кимлар имтиёзга эга?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Молия вазирлигининг 2016 йил 23 августдаги 2821-сонли қарорига асосан қабул қилинган Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларидаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра мактабгача таълим муассасаси учун тўлов тўлашда фуқароларнинг баъзи тоифаларига имтиёзлар берилади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан мактабгача таълим муассасаларидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади.
Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.
Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли мактабгача таълим муассасаси ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.
Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тегишли мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.
Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.
Тўловдан озод қилинган болаларнинг мактабгача таълим муассасасига қатнаши (бўлиши) тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар захирадан тўлдириб борилади.
Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати у тасдиқлангандан кейин ўқув йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Бундан ташқари, болаларнинг жисмоний ёки ақлий ривожланишидаги қуйидаги нуқсонларида мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайди:
нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш);
эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик);
кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар);
таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғуруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари);
психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш (ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси);
мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги);
сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж), шунингдек сил касаллигидан кейинги тиклаш даври.
Мавзуга оид
09:30 / 09.06.2023
Ногиронлиги бор шахслар ОТМга киришда қандай имтиёзларга эга?
11:44 / 02.06.2023
Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга давлат божини тўлашда имтиёзлар берилади
08:26 / 29.01.2022
Хусусий клиникаларда имтиёзли тоифадаги шахсларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш механизми жорий қилинади
07:40 / 22.01.2022