Ўзбекистон | 09:39 / 09.05.2018
7026
8 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт университети тузилмасида махсус илмий лаборатория ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этилганлиги;

Университет жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий ва ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, шунингдек, соҳа мутахассисларини ўқитиш ҳамда тайёрлашнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича республиканинг базавий олий таълим, илмий-тадқиқот ҳамда илмий-методик муассасаси ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинди.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги халқаро стандартлар ва кадрлар тайёрлашнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда тегишли йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш, университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш;

ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий қилиш, ёшларнинг сифатли олий таълим олишларига кенг имкониятлар яратиш учун юқори даражада касбий педагогик маҳоратга эга бўлган ҳамда спорт соҳасида юқори натижаларни қайд этган малакали, амалий иш тажрибасига эга бўлган халқаро тоифадаги спорт усталари ва тренерларини таълим жараёнига кенг жалб этиш;

талабаларнинг мустақил тайёргарлигини чуқурлаштиришни ҳисобга олган ҳолда назарий ва амалий машғулотларни янада оптималлаштириш, иш берувчилар эҳтиёжидан ҳамда спортда юқори натижаларни қайд этиш талабларидан келиб чиқиб, уларнинг касбий тайёргарлигини ривожлантиришга қаратилган ўқув режаларини, дастурлар ва ўқув-методик материалларни ўқув жараёнида қўллаш;

ўқув, илмий ва бошқа адабиётлар, шу жумладан, хорижий адабиётлар фондини ва спорт соҳасига оид таълим ресурсларини мунтазам янгилаб бориш, ўқитишнинг инновацион методларини ривожлантириш, ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, талабалар, ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларнинг спорт фаолиятига оид халқаро ахборот ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, амалиёт, стажировка ўташ тартибини такомиллаштириш;

тизимли асосда педагогик ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш, спорт муаммоларини қамраб олган илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнига хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш, шунингдек, таянч докторантлар, докторантлар ҳамда талабаларнинг академик алмашинувини таъминлаш бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари, таҳлилий, тадқиқот марказлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

Университетнинг халқаро рейтинги ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш, спорт фаолиятига оид ижобий халқаро тажриба натижаларидан таълим жараёнида фойдаланиш, назарий ва амалий билимларнинг спортда бошқарув соҳаси ва тренерлик фаолиятида қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини спорт ташкилотлари, ихтисослашган спорт таълим муассасалари, спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг бошқарув органлари билан фаол ҳамкорлик орқали таъминлаш;

Университетнинг мавжуд моддий-техника базаси имконияти доирасида қўшимча пулли хизматлар (ижара, пулли ўқув курслари)ни йўлга қўйиш орқали бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишни кенгайтириш, истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ва миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ҳамда жамоаларини ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирига, зарур ҳолларда, Университетнинг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш, муаммоларни аниқлаш, ҳар бир спорт тури бўйича спортчилар ва жамоаларнинг тайёргарлик тизими динамикасини ҳамда ривожланиш истиқболларини белгилашга кўмаклашиш мақсадида Университет тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ходимларнинг умумий чекланган сони 16 кишидан иборат бўлган Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лаборатория (кейинги ўринларда лаборатория деб аталади) ташкил этилди.

Қуйидагилар лабораториянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ва уларнинг жисмоний тайёргарлигини ўрганиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;

спортчиларнинг турли даражадаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши учун спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг ўқув-методик тайёргарлигини такомиллаштириш, юқори малакали спортчилар ва захира спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинлари ўтиши даврида комплекс илмий тадқиқотлар ўтказиш;

спортчиларнинг тайёргарлигини (жисмоний, техник-тактик, функционал, психологик) ҳар томонлама таҳлил қилиш ва моделлаштириш;

машғулот юкламаларини таҳлил қилиш, кутилаётган спорт натижаларига эришишга қаратилган спорт тайёргарлигини режалаштириш ва дастурлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий-техник ахборотларни тўплаш, жисмоний тарбия соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини аниқлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида янги методикалар ва технологияларнинг илмий экспертизасини ташкил этиш ҳамда уларни амалиётда қўллаш мумкинлиги тўғрисида хулосалар бериш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар, таянч докторантлар, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар, тренерлар, спортчилар ва бошқа мутахассислар учун илмий-методик, ўқув-методик адабиётлар нашр этиш.

Белгиланишича: 

лабораториянинг илмий ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш республика илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади;

лаборатория буюртмачи ташкилотларнинг буюртмаларидан келиб чиқиб, спорт соҳасидаги илмий-амалий тадқиқот ишларини шартнома асосида, буюртмачи ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширади.

Белгиланишича, Университет Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

бир ой муддатда Университетнинг уставини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

2018 йил 1 августга қадар зарур ўқув режалари ва дастурлари, ўқув-методик материаллар ва қўлланмалар ишлаб чиқилишини ҳамда улар Университетнинг кафедраларига етказилишини таъминлайди;

2018 йил 1 сентябрга қадар Университетнинг бўлимлари, факультетлари ва кафедраларини юқори малакали мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўради.

Белгилаб қўйилишича, Университетни сақлаш харажатлари 2018 йилда «Таълим» соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2019 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мавзуга оид