Андижонлик болакай ҳақиқатда дифтерия (бўғма) касали юқтирганми?
Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги тўрт ёшли болакай Ўзбекистон ҳудудида бир неча ўн йиллардан бери кузатилмаган юқумли – дифтерия, яъни бўғма касаллигида гумон қилинаётгани ҳақида унинг отаси бизга 7 май куни хабар берган эди.
“Мухбир ака, ўғлимга врачлар аниқ диагноз қўя олишмаяпти. Бири саксон фоиз дифтерияга гумон ва тезда зардоб (сыворотка) топиш керак дейди. Лекин, яна бошқаси ўткир томоқ ангинаси ташхисини қўйяпти. Биз аёлим билан нима қилишни билмаяпмиз”, - дея қўнғироқ қилганди.
Ўша вақтнинг ўзида шифохона бош шифокори Маҳмуджон Юнусов билан боғланганимизда тиббиёт ходими Давлат санитария эпидемиология назорати маркази лабораториясидан таҳлил натижалари чиқмагунча болага аниқ диагноз қўйиш қийин эканлигини айтганди.
Ҳозирда шифохонанинг карантин бўлимида даволанаётган бола музқаймоқ ва қулупнай еганидан кейин безовта бўлган ва дадаси ўғлининг томоғи йиринглаб кетганини кўриб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келган. Шундан сўнг мутахассислардан бири бола ҳолатини текшириб дифтерияга гумон борлигини аниқлайди.
Ота-она ҳайрон, чунки айнан шу касалликка қарши зардоб (сиворотка) мамлакатимизда умуман йўқ экан. Дадасига врачлар ҳар эҳтимолга қарши зардоб топиш кераклигини айтгач, у бошқа юртдаги дўстларига излатишни бошлайди. Бироқ, мутахассислар касаллик варақасига дифтерия диагнози қўйишмайди. Чунки, ҳали анализ (таҳлил) натижалари чиқмаган.
“Касалхонага келганимизнинг бугун учинчи куни, бироқ Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология маркази томонидан анализлар ҳали чиқмади. Айтишларича, эртага аниқ бўлар эмиш. Фарзандим соғлигидан хавотирим ошиб боряпти”, – дейди беморнинг дадаси.
Касалликни аниқлаш учун боланинг томоғидан бактериологик текширув учун суртма олиниб, махсус озуқавий муҳитга қўйилар экан. Агар ўша муҳитда бактерия ўсиб чиқса, демак касаллик аниқланган бўлади.
Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ўринбосари Ғофиржон Ибрагимов билан суҳбатлашганимизда бемор болакайнинг томиридан кунига икки марта “Ултрапим”, бир марта “Фуликаназол” дори юборилаётгани, глюкоза 5%-200 млдан бир маҳал, “Пиобактериофаг” икки марта ичишга берилаётгани ва томоққа аэрозол сепилаётганини айтди. “Болакайнинг умумий ҳолати яхшиланиб бориб, томоқдаги йиринглар озайиб боряпти. Тана ҳарорати нормал ҳолатда. Тошкентдан энг малакали мутахассислар келиб, текширувлар ўтказишди”,-деди врач.
Беморнинг ота-онаси ҳар эҳтимолга қарши қўшни давлатлардаги танишларидан дифтерияни даволовчи зардоб(сыворотка) излаш билан банд. Афсуски, дифтерияга қарши зардоб мамлакатимизда умуман йўқ экан.
Оддий таҳлилимиз. Ўзбекистонда болалар юқумли касалликларга қарши 2 ойликдан бошлаб, 16 ёшгача АКДСнинг турлари билан вакцинация қилинади.
Лекин, мамлакатимизда қўққис бирор киши айрим сабаблар ёки қўшни юртга борганида дифтерия касаллиги юқтириб келса, бошқа давлатдан вазирлик орқали бир дунё қоғозбозликдан сўнггина маълум вақтдан кейин ана шу зардобни келтириш мумкин экан. Унгача бемор ҳаёти хавф остида бўлади. Фикримизча, глобаллашув жараёнида Ўзбекистон тиббиёти ҳар қандай хавфга тайёр туриши керак. Фикримизни соҳа кишилари бир қатор специфик сўзлар билан инкор қилишлари мумкин. Биз бир нарсани биламиз, ўша зардобни сақлаш инсон ҳаётидан азиз эмас!
Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология маркази маълумотига кўра, болакайнинг аниқ ташхиси эртага, 11 май куни маълум бўлади.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024