Жамият | 15:50 / 14.05.2018
25515
8 дақиқада ўқилади

Американи қайта кашф этиш

Фото: america

Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи арафасида ушбу ташрифни ёритувчи журналистлар билан бирга океан ортига йўл олган журналист, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев фейсбукдаги саҳифасида Америка сафари таассуротлари билан бўлишмоқда.

Нега Америка Беруния деб аталмайди?

Америкадаги илк таассуротларим бўйича постимдан сўнг кўплаб фикр ва таклифлар олдим. Саволлар ҳам кўп бўлди. Эътибор ва муносабат учун раҳмат. Бугунги постимда шу саволларнинг баъзиларига жавоб берсам. Баъзан бу оламнинг минглаб ришталар билан боғлиқлиги ва бир-биридан узоқдек туюлган оламлар қанчалик яқинлигини тасаввур қилиш кишини ҳайратга солади. Масалан, Америка ва Ўзбекистон оралиғини қарийб 11 000 километр масофа ҳамда тубсиз ва чексиз океан ажратиб турсада, гуёки, бизга ҳар сафар Америка янгидан кашф этилгандек туюлаверади.

Тарихдан яхши хабардор кишилар яхши биладики, Америка қитъасининг борлиги ҳақида Колумбдан олдин ўзбек олими айтганди. Американинг очилиши расман 1492 йилнинг 12 октябри деб ҳисобланади. Ўша куни машҳур европалик жаҳонгашта денгизчи Христофор Колумб янги олам соҳилларига лангар ташлайди. Энди яна ўзбек олимига қайтамиз. 973 йилда Хоразм ҳудудида туғилган Абу Райҳон Берунийнинг бугунги замонавий кашфиётларни яралишида анчагина меҳнати сингган. Беруний Ер сайёрасининг ўлчовини аниқлик билан ўлчаган дунёдаги биринчи олимдир. Беруний ўлчами бугунги олимларнинг ҳисоб-китобларидан (компьютерда ҳисоблаганда албатта) атиги 17 километрга фарқланади. Ер ўлчовини билганда у Осиё, Африка ва Европа китъалари дунёнинг унча катта бўлмаган бўлаги 2/5 қисмини англатишни маълум қилади. Хўш қолган 3/5 қисми нимадан иборат. Абу Райҳон Беруний Европа ва Осиё ўртасида бошқа қитъа борлигига оид илмий гепотизасини илгари суради. Беруний умрида океан кўрмаган инсон бўлсада, буюк ихтироси билан «буюк кашфиёт тожи»ини кийишга ҳақли. Тўғри, у Христофор Колумб каби ёғоч кемада Америка соҳилига қадам қўймаган бўлсада, Америкадан 11 000 километр узоқликда туриб, ақл машъали ила ўз қалами учида янги кашфиёт ғоясини берди. Ва бу 5 асрдан сўнг ўз тасдиғини топди. Хўш нима учун унда бу юрт Америка дейилади? Христофор Колумбия ёки Беруния дейилмайди? Биринчидан, бобомиз камтарликка борган, иккинчидан, Европада осиёлик олимлар билан мулоқот ва журналлар бўлмаган. Учинчидан, ўртада тарихга тасодифан кирган яна бир шахс бор. У 1454 йилда Флоренцияда туғилган Америго Веспучидир. У тадқиқотчи, савдогар ва сайёҳ бўлган ва Медичилар оиласига хизмат килган. У Колумб харитаси асосида сайёҳатга чиққанди. Колумб Америкага биринчи борган бўлса ҳам, у ерга «Вест Индия», яъни Осиёнинг давоми сифатида қарайди ва Колумбдан фарқли равишда кўрганлари ҳақида Флоренция зодогонларига ҳикоя қилади, кўплаб мактублар йуллайди. Ўлимидан сўнг унинг ёзган мактублари «Ракколта» нашрида ва Европанинг бошқа журналларида ҳам чоп этилади. Колумбнинг асарлари эса ҳали оммалашмаган эди (унинг қарашлари ва асарлари ўлимидан 50 йил ўтиб оммалашган). Шу боис янги оламга бу материкнинг мўътадил иқлими у ерда яшовчи аборигенлар ва ажойиб тупроқни таърифлаган Америго номига ўтиб кетади. Зотан, бу фактлар ўша даврда ижтимоий тармоқлар бўлмасада, журналлар орқали оммалашган. У Америка ва Американинг асл халқи, урф-одатлари тўғрисида жуда кўп ёзганди.

Америка озодликни ва ташаббусни севганлар юрти...

Американинг ўзига хос жиҳати ҳам шунда. Америка очилгандан бери бу замин тадбиркор, эски оламдан зериккан, ўз тақдирини ўз қўллари билан яратган, янгиликка интилганлар, Ирландияда дордан қочган жиноятчилар учун макон бўлди. 

Американи кўп ва хўп танқид қилишади. Американи ёмон кўрадиганлар ҳам учрайди. «Нима учун бундай деб» бу ерга келиб ўзимга савол бердим. Америкада ресурслар кўп эмас, миллиардлаб тонна нефть ёки гази йўқ, иқлими ҳам оғир. - 62 совуқ фақат Аляскада, +56 фақат Калифорнияда бўлиши мумкин. Лекин дунёдаги биринчи оммавий автомобил Америкада ишлаб чиқарилган. Дунёнинг, башариятнинг ақлий бойлиги - интернет ҳам Америкада ихтиро қилинган. Қўшма штатлар энг кўп Нобель мукофоти олганлар юрти. Ва бу ерда кимни учратмайсиз. АҚШ дунёдаги энг узун - 6,5 миллион километрлик автомагистраллар билан рекордга эга. Дунёдаги энг узун темир йўл тизими ҳам Америкада. Энг ҳайратланарлиси Қўшма штатларнинг расмий давлат тили йўқ, аҳолининг катта қисми инглиз тилининг «америкача» талаффуз турини ишлатади. Иккинчи ўринда испан тили туради. Учинчи тил кар ва соқовлар тили. Баъзи штатларда француз тилида гаплашишади.

Хўш, бугунги тарихий босқичда Ўзбекистон ва АҚШни нима бирлаштиради деган савол жуда муҳим. Америкада доим сўз эркинлиги, хусусий бизнеснинг муқаддаслиги, инсон қадр-қиммати юқори бўлган. Америкага қуп-қуруқ чўнтак билан келган ва «ноль»дан иш бошлаганлар миллионерлар ва президентларга айланишган. Америкада бир сеҳрли гап бор. Бу «Америка орзуси, ўз куч ва ғоясига ишонган одамнинг ғалаба қозониши»дир. Шунинг учун ҳам Американинг бош қароргоҳи Оқ уйнинг 43 нафар соҳибларининг барчасининг келиб чиқиши ҳар хил бўлган. Улар орасида ҳатто киноактёрлар ҳам бор. Бу фактлар ҳар бир америкаликни ўз орзуси билан яшашга ўргатган. Албатта, бундай одамлар ва бундай давлат кибрли, ўзини бутун дунёда устун деб билган айрим шахсларга ва давлатларга ёқмаслиги мумкин. Масалан, яқингача Буюк Британия консерватизм ғоялари билан кўпроқ зодагонлар, оилавий сиёсий кланлар мамлакати бўлгани учун Англияда буржуазия ва қора халқ учун кўп нарса тақиқланган эди. Алалоқибат Буюк Британия ва умуман шу каби бошқа мамлакатлардан одамлар Америка томон сузиб келишган. Ҳозирги даврда Ўзбекистонда ҳам бизнес учун имкониятлар очилаётганлиги, тадбиркорлар эркинлиги амалда таъминланаётганлиги, жамиятда очиқлик кайфияти борлиги билан Америкага ўхшаб кетмоқда.

Америкаликларнинг кучи оддийликда..

АҚШда менга ёққан нарса одамлардаги оддийлик, моддиятга берилмаганлик. Кўча-кўйда ва бошқа жойларда ёнингизда миллионер турганини сезмайсиз. Гарчан мусулмон бўлмаса ҳам зоҳидлик хос уларга. Давлат идораси бўладими, бошқа идораларми, хуллас ҳашамат, ортиқча ялтир-юлтур йўқ. Америкага одмилик хос. Дастурхон ҳам меъёрида. Улар бойлигини бошқа нарсага сарфлашни яхши кўради. Асосийси фарзандлар тарбияси, уларнинг билим ва илм олиши. Ногаҳон ўйланиб қоласан. Бизда ҳам кўпчилик бойиди 20-25 йил ичида, лекин меҳнат билан топган нарсаларимизни «не то» нарсаларга сарфладик. Чунки бизнинг орзуимиз бошқача йўлларга кириб кетишига озгина қолди.

Нега америкаликлар Американи севади?

Олдинги постимдан қайтариш бўлса ҳам айтаман: америкаликлар Американи энг қудратли ва энг адолатли давлат деб ишонадилар. Сиёсатчилар ҳам халқ нима истаётганини билиб, шуни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиладилар. Ўзбекистонда ҳам бу жараён бошланди. Давлат халқ учун тамойили ишлай бошлади. Шу ўринда машҳур Президент Жон Кеннедининг машҳур сўзларидан иқтибос келтирсам: «Давлат мен учун нима қилди деб ўтиришдан кўра мен давлатга нима ҳисса қўшдим, деб ўзимиздан сўрашимиз муҳим». 

Американинг миллий гули - бу атиргул. Эътибор беринг тиконли атиргул, яъни, муваффақиятга ва ғалабага йўл тиконсиз бўлмас.

Шерзодхон Кудратходжаев

Мавзуга оид