Қирғизистон ҳукумати собиқ иттифоқдан мерос қолган уран чиқитлари муаммосини ҳал қилиш йўлларини қидирмоқда, деди мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўронов «Марказий Осиёдаги уран қолдиқ кўммалари: таҳдидларни камайтириш йўлидаги ҳамжиҳат ҳаракатлар» халқаро анжумани давомида. Бу ҳақда «Анадўлу» агентлиги хабар бермоқда.

Фото: aa.com.tr

Конференцияда ҳукумат, миллий ва халқаро идоралар ҳамда шерик давлатлар вакиллари иштирок этиб, уран чиқитларини хавфсиз жойга кўчириб, уни пухта сақлаш бўйича ҳаракатлар режасини муҳокама қилишди.

«Ҳаммасидан хавфли жиҳати шундаки, уран кўммалари дарёлар ва сув манбалари яқинида жойлашган бўлиб, улар бутун Марказий Осиё бассейнининг бир қисми ҳисобланади», — дея таъкидлаган Бўронов.

Қирғизистон ҳукумати сўнгги 5 йилда минтақада вазиятни яхшилаш борасида иш олиб бормоқда. Бундай уран кўммалари инсонларнинг саломатлигига жиддий таҳдид уйғотмоқда, қандайдир бир фалокат рўй берса бу кенг миқёсдаги экологик офатларга сабаб бўлади, деди бош вазир ўринбосари. Бўроновнинг сўзларига кўра, бу таҳдидни камайтириш учун масалаҳатлашиб эҳтимолли фалокатларни олдини олиш керак.

Бўроновнинг қайд этишича, чиқитларни бошқа жойга кўчириш масаласи ҳукуматнинг узоқ муддатли муҳим лойиҳаларидан бири бўлиб, Бишкекни мазкур масалада халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаши зарурлигига эътибор қаратди.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги муҳофазаси давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, республикада радиоактив чиқиндиларнинг кўп миқдорда тўпланиб қолишига ХХ асрнинг 40–50-йилларида уран саноатига оид кон қазиб олувчи ва қайта ишловчи фаолияти сабаб бўлган. 50-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ҳозирга қадар республикада 18 та кон қазувчи корхоналар, жумладан тўртта уран хомашёси қазиб олувчи корхона ёпиб қўйилган ёки консервация қилинган.