KUN.UZ томонидан лойиҳалаштирилган “Бир ҳадис шарҳи” деб номланган дастурнинг бугунги сонида Ислом динининг беш устуни ҳақида сўз боради. Бу ҳақда пойтахтнинг “Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Абдулҳамид Жуманов сўзлаб берди.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдиларки: “Ислом бешта устун устига қурилди. Биринчиси “Ла илаҳа илаллоҳ, Муҳаммадун расулаллоҳ”, деб шаҳодат беришлик. Иккинчиси намоз ўқиш. Ундан кейингиси закот беришлик ва ундан кейингиси ҳаж қилишлик ва охиргиси рўза тутишликдир”. 

Беш устундан бири шаҳодат. Биламизки, Ислом дини олдинги динларни тўлдирувчиси, уларнинг давомчисидир. Пайғамбаримизга янги дин юборилгани йўқ. У Зот ўзларидан олдин келган пайғамбарларнинг динини давом эттирдилар. Ҳамма пайғамбарларнинг сўзи битта эди – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Инсонни мусулмон қиладиган, уни бошқа дин вакилларидан ажратадиган, иймонининг белгиси шаҳодатдир. Мусулмон кишининг асосий белгиси бу – Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни бизга танитган зот Муҳаммад (с.а.в)ни пайғамбар, расул эканликларини эътироф этиш.

Иккинчи устун – намоз. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки: “Ғайридин ва мусулмоннинг ўртасидаги фарқ намоздир”. Намоз шундай бир ибодат-ки, уни тарк этишга бирон-бир инсонга йўл йўқ. Баъзи бир инсонлар ўз ҳолатларидан норози бўлишар, лекин айни ҳақиқат шу-ки, мусулмонман деб даъво қилиб туриб, масжиднинг эшигини тополмайдиган, умрида бирор марта пешонаси сажда кўрмаган, намоз ўқишликни билмайдиган инсон, Аллоҳ сақласин, насронийларнинг феълини қилиб турган одамга ўхшайди. Чунки насронийлар биз насрониймиз дейди, лекин ибодатларини қилишмайди.

“Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Абдулҳамид Жуманов

Навбатдаги учинчи устун – закот бериш. Закот молиявий ибодат бўлиб, яъни инсоннинг моли маълум бир даражага етганидан сўнг ўшандан маълум бир қисмини эҳсон қилади. Аммо бу ҳаммага ҳам эмас. Бу имконияти бор, моли ўша даражага етган мўмин-мусулмонлар учун. Масалан, қўйи 40тага етган инсон, улардан бирини закот қилади. Шу ҳисобга етмагунча закот бермайди.