Ўзбекистон | 19:19 / 23.05.2018
11981
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳар йили ўртача қанча ЙТҲ юз бериши айтилди

Фото: KUN.UZ

Статистика маълумотлари шундан далолат берадики, республика ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда. Бу ҳақда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида айтилади.

Қайд этилишича, 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш орқали йўл ҳаракатини ташкил қилиш ва таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш вазифасига мутлақо янгича ёндашувларни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу Концепция қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олган:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, шу жумладан Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузганлик учун жавобгарлик чораларини янада кучайтириш;

йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш;

йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданияти, зарур билимлари ва малакасини ошириш, интизомини мустаҳкамлаш.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини видеорегистраторлар билан жиҳозлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида уларни қўллаш бўйича норматив тартибни белгилаш тадбирларини ташкил қилиш.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

Белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш, шунингдек, носоз транспорт воситасидан фойдаланиш оқибатида содир этиладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштириш.

Пиёдаларни Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.

Автомобиль йўлларида транспорт воситаларини тўхтатиш ва махсус тадбирларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш ҳамда бунинг учун асослар рўйхатини аниқлаш.

Йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий қоидабузарликлар тўғрисидаги материалларни зудлик билан расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг электрон тизимини яратиш.

Қидирув эълон қилинган шахслар ва транспорт воситатарини танишнинг электрон тизимини тезкор ташкил қилиш ва ундан кейинчалик самарали фойдаланишни таъминлайдиган амалий механизмни жорий этиш.

Йўл ҳаракати қоидаларига йўл ҳаракати хавфсизлигининг сифат даражаси ва ишончлилигини оширишга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ишини ташкил этиш самарадорлигини, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда, йўл-патруль хизматининг куч ва воситаларини оқилона тақсимлаш йўли билан ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўриш.

Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш.

Жарима майдончалари нормативларини ишлаб чиқиш ва белгилаш, давлат- хусусий шериклик механизмлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда улар фаолиятини такомиллаштириш.

Давлат-хусусий шериклик механизмларини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимига жорий этиш.

Давлат йўл ҳаракати хизматининг илмий, кадрлар ва моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, унинг ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш мезонларини жорий этиш.

2018-2019 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолият самарадорлигини баҳолаш мақсадида қуйидаги асосий кўрсаткичларни ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш ташкил этилади:

йўл ҳаракати соҳасида йўл-транспорт ҳодисалари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони;

пиёдалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони;

болалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони;

одамларнинг ўлимига ёки жароҳат олишига олиб келган йул-транспорт ҳодисалари сони;

йўл қопламасининг қониқарсиз ҳолати, шунингдек, йўл белгилари ва чизиқлар мавжуд эмаслиги сабабли содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони;

йўловчилар ва юк ташиш соҳасида автоташувчилар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони;

йўл инфратузилмаси объектларига етказилган зарар миқдори;

транспорт ва йўл инфратузилмаси объектларида фойдаланиладиган хавфсизликни таъминлаш тизимлари ва воситалари сони;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган давлат органлари мутахассисларининг умумий сони.

Мавзуга оид