Жамият | 23:40 / 27.05.2018
13646
4 дақиқада ўқилади

Мўмин - бахил эмас, нафақа қилувчи сахий кишидир

Фото: kun.uz

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига тақдири илоҳий ато этган. Халқ орасида “пешонада ёзилгани бўлади” ибораси ана шу ҳикматдан келиб чиққан. Мана шу тақдир ҳикматига мувофиқ кимдир бой ва яна кимдир камбағалдир. Бойлик яхши ҳолат, аммо унинг ўзига хос масъулияти ва мажбурияти бор. Ўзига тўқ кимса, доим нафақа қилиши, бахил бўлмаслиги ва саховатли бўлиши лозим. Ана шунда у Аллоҳ томонидан ўзига берилган мол-давлат неъматининг ҳақини адо этган бўлади. Хўш, нафақа кимларга ва қандай тартибда берилади?

Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси, 215-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. “Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва мусофирларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб айт”.

Яъни, Аллоҳ қилинадиган барча садақа ва яхшиликлар энг яқин одамлардан: ота-она, қариндош-уруғлардан бошлаб, кейин етимларга ва муҳтож одамлар ҳамда мусофирларга қилиниши кераклигини буюряпти. Ва Аллоҳ бизга шуни эслатяптики, нимаики яхши амал қилсак (кичик ёки катта), Аллоҳ, албатта, бу нарсани билади ва бунга мукофот муқаррардир (шу шарт биланки: агар қилинган амал фақат Аллоҳнинг розилиги учун бажарилган ва Пайғамбаримиз (с.а.в) кўрсатган суннатларига мувофиқ бўлса.

Аллоҳ бизга ўз севган нарсаларимиздан Аллоҳ йўлида садақа қилмагунимизча олий даражадаги мукофотга (яъни, жаннатга) эриша олмаслигимизни билдириб қўйган. Каломуллоҳнинг Оли Имрон сураси, 92-оятида бу ҳақда шундай марҳамат қилинади: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир”. 

Баъзи одамлар учун намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш осон бўлиши мумкин, лекин улар ўз мол-мулкларини жуда севиб бошқалар билан бўлишишни хоҳламасликлари мумкин. Шундай одамларга Аллоҳ хитоб қилиб айтяптики, ўзлари севган нарсалардан ҳам Аллоҳ йўлида сарф қилишлари керак. Кимларгадир бу пул бўлиши мумкин ва яна кимларгадур ўзларига азиз бўлган вақтлари, боғу роғлари, уловлари ва ҳоказо нарсаларидир.

Юқорида таъкидланганидек, бахиллик мўмин-мусулмонларга хос бўлмаган хислатдир. Аллоҳ наздида бахил кимсаларнинг даражаси қандай? Нисо сурасининг 37 ва 38-оятларида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз. Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!”

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло бахил одамларнинг ношукр эканликларини намоён қиляпти. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бахилликдан (қизғанчиқликдан)да жиддийроқ хасталик борми?”, деганлар. Бахил одам нафақат ўзи, балки бошқа одамларни ҳам бахилликка даъват қилади. Ва Аллоҳ берган неъматларига ношукрлик қилиб, уларни беркитишга ҳаракат қилади (яъни, еб-ичишда, кийинишда ва бошқаларга ёрдам беришга келганда, худди унинг пули йўқдек ўзини кўрсатади ва бор бойликларини беркитади). Ўз пулларини сарф қиладиган лекин уни Аллоҳ розилиги учун эмас, балки одамларнинг мақташлари учун (риё қилиб) сарф қиладиган одамлар ҳақида сўзлаяпти. Бундай одамлар ўз мол-мулкларини жамиятда сахий ва бой деб ном чиқариш учун сарф қиладилар. Улар шайтоннинг ҳийла ва макрига учраган ва Аллоҳнинг эмас, балки шайтоннинг айтганини қилган одамлардир.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.