Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ўқитувчилар ва врачларга нега кўпроқ маош тўлаш кераклиги ва бунинг учун солиқ тизимида қандай ислоҳотлар ўтказилиши кераклиги хусусидаги фикрларини Repost.uz сайти эълон қилди.
Солиқ ислоҳотига шошилмаслик тарафдорлари, иқтисодиётга солиқ юкини камайтиришга қаршиларнинг бош далили — гўёки мамлакатимизда ижтимоий ҳимояланганлик даражаси жуда юқори эканлигида. «Солиқ юкламасини камайтирмаслик керак, унинг бу даражада юқори эканлигига сабаб, биз ўқитувчилар, врачлар ва пенсионерларга кўп харажат қиламиз. Солиқ ислоҳоти бюджетга тушумларни камайтириши мумкин, бинобарин, бу ижтимоий ларзаларни келтириб чиқаради», — дейишади улар.
Чиндан ҳам, ижтимоий харажатлар бюджетимизда катта ўрин тутади, бюджет ва бюджетдан ташқари давлат фондлари орқали мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) нинг камидан учдан бир қисми қайта тақсимланади. Бундай юқори солиқ юкламасини фақатгина жуда бадавлат давлатлар ўзига эп кўриши мумкин.

Ривожланаётган давлатларда мазкур кўрсаткич одатда 1,5–2 баробар кичик бўлади. Бу тушунарли: чунки иқтисодиётга солиқ юкламаси қанчалик катта бўлса, маҳаллий товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш харажатлари шунча катта, маҳаллий товарлар ва хизматлар рақобатбардошлиги паст, аҳолида иқтисодий ўсиш имкониятлари ва даромадларининг ошиши ҳам кам бўлади. Шу сабабли, ривожланиш даражаси бўйича бой давлатларни қувиб етмоқчи бўлсангиз, сиз ўзингизга катта солиқ юкини олмаслигингиз керак. Бундай юкни шундоқ ҳам бой бўлган, бировни қувиб етиши шарт бўлмаганлар ўзига эп кўриши мумкин.
Кеча бюджет ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақлари ҳақидаги расмий маълумотлар эълон қилинди ва у мамлакат ижтимоий соҳасини жуда яхши характерлаб беради. Назаримда, бу ҳолат — энг ҳаққоний ижтимоий ларзанинг ўзгинаси. Ўзингиз ўйлаб кўринг:
Болалар боғчасининг олий маълумотга эга, 1,25 ставкада ишловчи тарбиячисининг маоши 1,25 миллион сўм — 150 доллардан бирозгина кўп экан. Барча устамалар билан умумтаълим мактабининг оддий бошланғич синф ўқитувчисининг ойлиги 1,6 миллион сўм ,яъни 200 доллар. Олий тоифали бошланғич синф ўқитувчисининг маоши — ўртача 1,9 миллион сўм. Биз ўзимизда бўлган энг қимматбаҳо неъмат — фарзандларимизни ишониб топширган одамлар шунча олишади.










