Номга ярашмаган муаммо: Андижон туман “Бахт” маҳалласидаги “Шодлик” кўчасида ичимлик суви, газ йўқ
Ким нима деса десин-у, лекин қишлоқ, маҳалла ва кўчаларни номлашга жуда хафсала қиладиган халқмиз. Буни барибир яхшиликка йўйиш керак. Маҳалла ва кўчаларимизга берилган - “Обод”, “Гулзор”, “Миришкор”, “Келажак” каби номлар остида эзгу ният, тилак ётади.
Андижон вилояти, Андижон туманидан келган мурожаат ортидан аҳоли вакиллари билан учрашиш учун арз тушган жойнинг ўзига бордик.
Муаммолари бор маҳалла ва кўчанинг номи жуда гўзал экан. “Бахт” маҳалласи, “Шодлик” кўчаси.
Бироқ туман марказидан 2 километр узоқликда, чиройли атамали маҳалладаги шароит номига ҳеч мос тушмабди. Рўзғорда энг кўп ишлатиладиган нарса – сув. Маҳалла аҳли неча йиллардан бери тоза ичимлик сувисиз ҳаёт кечирмоқда. Фуқароларнинг билдиришича, бундан олти йил олдин кўчалар кавланиб, сув қувурлари ётқизилган. Кўча этагида сув тортиш ва тақсимлаш иншооти ҳам барпо қилинган экан. Атрофи сим тўр билан ўралган жой, ҳозир қаровсиз, ишламай ўт босиб ётибди. Ўша пайтда кўчага сув қувурлари тортилиб бўлгач, синовдан ўтказишганида баъзи жойлардан сув чиқиб кетган экан. Қазиш ва қувур ўрнатиш ишларини олиб борган ташкилот вакиллари “Ҳеч нарса эмас, ямаймиз, сув чиқарамиз”, деб ваъда бергач, шу бўйи қайтиб келмабди. Бир сўз билан айтганда, иш ўша пайтда маълум бир суммадаги маблағ сарфланиб, амалга оширилган. Бироқ охирига етказилмаган.
Хонадонлар эса уйларидан қудуқ кавлаб олишган. Андижонда бундай қўлбола сув олиш ускунасини - “качалка” дейишади.
“Кўчамизда 200 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Тоза ичимлик суви бўлмагач, рўзғорга 8-12 метрдан чиқадиган сизот сувларни “качалка” орқали чиқариб фойдаланяпмиз. Инсон соғлиғига зарарли сувдан қачонгача фойдаланамиз, билмайман? Табиий газ икки йил олдин узилган. Мана, аҳоли қишга таппи тайёрлаяпти. Электрдан ҳам муаммолар етарли. Трансформаторимиз 160 киловаттли, эскириб кетган. Қиши билан кучланишни кўтара олмай безор қилади”, - дейди маҳалла оқсоқоли Усубжон ота Қўчқаров.
Юқорида айтганимиздек, “Шодлик” кўчаси туман ҳокимлигидан 2 километр узоқликдаги масофада жойлашган. Деярли марказ жойда. Маҳалла аҳлининг мурожаатига мутасаддилар “Кейинги йил Дастурга тушса сув бўлади”, дея жавоб қайтаришяпти, холос.
Ён атрофдаги маҳаллаларда газ ёниб турса-ю, маҳаллани узиб ташлашган бўлса. Электр токи энг керакли фасл қишда панд беради. Мазкур кўчада яшайдиган ёши улуғ онахонлар билан суҳбатлашганимизда улар “Энг катта муаммо сув масаласи. Қўшни маҳаллалардаги жўмрагини бурасанг шариллаб оқадиган покиза водопровод сувини кўриб ҳавасимиз келади”, дейишди.
Водий вилоятларини айлансангиз, жуда кўп жойларда ўша “качалка” дея аталмиш, қувурни ерга қоқиб, чиқариладиган сизот сувдан фойдаланилаётганини кўрасиз.
Кўчада яшайдиган ёши улуғлар туман ҳокимлигига муаммони кўтариб чиқиб, зерикишибди. Тегишли идораларга кўп бор ёзилган мурожаатлар айланиб келиб яна туман ҳокимлигига келгач, мутасаддилар ёзма равишда: “Сизнинг кўчангиз 2021 йилгача ичимлик суви тизими билан таъминланади”, дея жавоб беришибди.
Дарҳақиқат, туман ҳудудидаги йўллар таъмири, ичимлик суви муаммоларни тизим асосида амалга ошириб боради. “Шодлик” кўчасида ечимини кутиб турган мавжуд камчиликларни аҳоли бир неча йиллардан бери мутасаддиларга етказиб бормоқда.
Бироқ аниқ жавоб йўқ. Фақат сўнгги тўрт йил ичида қилиниши ҳақида мавҳум жавоб айтилган. “Обод қишлоқ” лойиҳаси ҳам мана шундай аҳоли муаммоларини бартараф этиш йўлида амалга оширилмоқда.
Бир пайтлар туманларда “Сувоқава” ташкилоти тизимли равишда иш олиб борар, ҳар бир маҳалладаги аҳолига марказлашган ҳолда сув етказиб бериш иншоотларининг аниқ эгаси ва масъул ходимлари бўлган. Ўтган йиллар давомида мана шу тизимда хўжасизлик кузатилди. Андижоннинг жуда кўп қишлоқларидаги хонадонлар ўзларига ҳовлисидан қудуқ (качалка) кавлаб олиб фойдаланмоқда. Сувнинг таркиби, инсон саломатлигига хавф солиши назорат қилинмаяпти.
Андижон тумани ҳокимлигидан “Бахт” маҳалласи, “Шодлик” кўчасидаги муаммолар бўйича аниқ жавобни кутиб қоламиз. Ҳудуддаги шароит яқин кунларда номига яраша бўлишидан эса аҳоли умидвор.
Ўз мухбиримиздан