KUN.UZ сайтида самарқандлик блогер Мирзо Субхановнинг жанубий кореялик инвесторга тегишли, суд томонидан унга қайтариб берилиши ҳақида қарор чиққан, Мажбурий ижро бюроси Тайлоқ туман бўлими томонидан хатланган мол-мулки талон-торож этилаётгани ҳақидаги блогпости кўчириб босилган эди.

Ушбу маълумотлар сайтимизда эълон қилингач, Мажбурий ижро бюроси блогпостда кўрсатилган ҳолатлар бўйича таҳририятга раддия тақдим этди.

Биз ушбу воқеани ўзимиз чуқурроқ ўрганишга қарор қилдик.

Ўзи нима бўлган?

Тайлоқ туманидаги «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ Жанубий Кореядаги «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd билан 2014 йилдаги шартномаси асосида 312 минг АҚШ долларига тенг бўлган, тошни шағалга айлантирувчи ускуналарнинг бутловчи қисмларини олиб кириш борасида шартнома имзолайди. «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ «Ҳамкорбанк»дан 100 минг АҚШ доллари кредит олиб, уни Жанубий Корея фирмасига ўтказиб беради.

Корейс тадбиркорлар 312 минг долларлик маҳсулотларни етказиб беради ва оғзаки келишув асосида 212 минг доллари ҳисобига корхонанинг устав фондига кириб, қўшма корхона тузишмоқчи бўлишади. Корейс фирмаси вакилининг судда айтишича, кейинчалик тайлоқликлар ваъдасига вафо қилишмайди, орада зиддият келиб чиқади.

«Ideal Klass Qurilish» МЧЖ таъсисчиси ва директори Жамшид Исрофилов судда ускуналарнинг ўзи нархи 100 минг АҚШ доллари бўлганини эътироф этади. Бироқ Давлат божхона қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг маълумотномасига кўра, Ўзбекистонга «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd томонидан айнан 312 минг долларлик ускуналар олиб кирилган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2017 йил 5 майдаги қарорига кўра, «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ томонидан фойдаланиб келинаётган 312 минг долларлик ускуна «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd ишончли вакилига қайтарилиши; «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd эса ускуна учун банк орқали кўчириб берилган 100 минг АҚШ долларини «Ideal Klass Qurilish» МЧЖга қайтариб бериши лозим.