Жамият | 10:12 / 17.06.2018
34034
2 дақиқада ўқилади

Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқарога насиҳат ўқиган аллома

1442-1505 йилларда яшаб ўтган буюк мутафаккир олим ва ўз даврида воизлик санъатининг йирик намояндаси бўлган Ҳусайн Воиз Кошифий ҳақида Алишер Навоий қуйидагича ёзади: “Ул жумладин ҳуруф роқими бу марсия билан тарих айтиб, йили оши тортарда султони Соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) олий мажлисларида ўткарди ва ҳукм бўлдиким, мавлоно Ҳусайн Воиз минбар устида ўқиди”.  Бу сўзлар устози Жомий вафотига атаб ҳазрат Навоийнинг марсия ёзгани ва бу марсияни ўз даврида кучли ва таъсирли нутқ эгаси сифатида эҳтиром қилинган Ҳусайн Воиз Кошифий томонидан минбарда туриб ўқилганига ишорадир. Манбаларга кўра, бу улуғ алломанинг нафақат илми, балки одоб-ахлоқи ҳам юксак даражада бўлгани учун ҳатто Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ҳам унинг ваъз-насиҳатларини тинглаганлар.

Тарихнавис Мир Саид Шариф Роқим ҳам бу алломани юксак эҳтиром билан тилга олади: “Мавлоно Камолиддин Ҳусайн Али Воиз Кошифий баланд овозда яхши ваъз қилгани учун олимлар ва фозиллар ўзларининг хос мажлисларига уни таклиф қилишар эди”.

Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” китоби Шарқда жуда машҳур асарлардан бўлган. Кўп марта тошбосма усулда чоп қилинган. Дунёнинг турли мамлакатларида кўчирилган 50дан зиёд ноёб қўлёзмаси ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институти хазинасида сақланмоқда.