Жаҳон | 15:38 / 18.06.2018
11031
3 дақиқада ўқилади

БМТ эксперти Ўзбекистондаги диний ислоҳотларга баҳо берди

БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шаҳид жаноблари форумда иштирок этган KUN.UZ мухбири саволига жавоб берар экан, 2017 йил кузида Ўзбекистонга ташриф буюргани ва ҳукумат томонидан диний соҳада режалаштирилаётган ислоҳотлар “йўл харитаси” билан танишиб чиққанини таъкидлади. 

Германиянинг Бонн шаҳрида Deutsche Welle телерадиокомпанияси ташаббуси билан Global Media Forum бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Унинг иккинчи кунида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ҳам иштирок этди ва анжуман қатнашчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Хусусан, KUN.UZ мухбири “Ўзбекистондаги диний ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?”, деган савол билан мурожаат қилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид қуйидагича жавоб қайтарди:

“Мен ўтган йили (2017 йил 2-12 октябрь кунлари – таҳр.) Ўзбекистонда бўлдим ва мамлакатингиздаги диний эркинлик соҳасидаги ҳолат билан танишдим. Мамлакат ҳукуматининг бу борада амалга ошириши белгиланган режалари билан танишдим. Ўзбекистон парламенти шу мақсадда ҳукуматнинг “йўл харитаси”ни ҳам қабул қилди. Менимча, мамлакатда диний эркинликларни таъминлаш соҳасида ҳам улкан ижобий имкониятлар пайдо бўлмоқда”, - деди Аҳмад Шаҳид. 

БМТ эксперти 2017 йил 2-12  октябрда бўлган ташрифидан сўнг қабул қилинган “йул харитаси” хақида гапириб, “Йўл харитаси тасдиқланганини мамнуният билан қабул қилдим, чунки бу мамлакатдаги вазиятни яхшилашга ва барча учун дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлашга бўлган сиёсий хоҳишни ифодалайди”, -дея таъкидлади.  

“Йўл харитаси” 12та тавсиядан иборат. У мазкур тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, муддатлари, масъул идоралар ҳамда кутилаётган натижаларни назарда тутади.

“Ҳукуматнинг бу соҳадаги ислоҳотларни маълум бир вақт ичида бажаришни ўз зиммасига олгани кишини илҳомлантиради. Мен ҳукуматни мазкур “Йўл харитаси”ни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлашга жиддий ёндашишга чорлайман. Бу очиқ, шаффоф ва томонларнинг иштирокини таъминлайдиган жараённи ва инсон ҳуқуқларини кафолатлайдиган эътиборни талаб қилади”, - деб таъкидлади Аҳмад Шаҳид.

Мавзуга оид