​Ўзбекистондаги энг етакчи ахборот-таҳлилий сайтлари - Kun.uz, Xabar.uz, Qalampir.uz, Sof.uz, Azon.uz'га кириш қийинлашган. Бу ҳолат 3 кундан буён Ўзбекистон ҳудудида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам кузатилмоқда. Бунга нима сабаб бўлди?

2017 йилда «Энг яхши янгиликлар сайти», «Фуқаролар мурожаатлари натижаларини энг фаол ёритиб борган ОАВ» сифатида эътироф этилган Kun.uz сайти нега тўсиб қўйилди? Сайт журналистларига таҳдидлар бўлдими? Энди сайт ўз фаолиятини тўхтатадими? Шу каби саволлар охирги 3 кун ичида муштарийлар томонидан тинмай йўлланмоқда. 

Очиғи, биз ҳам масаланинг моҳиятига етиб борганимиз йўқ. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялари ва технологиялари вазирлиги тушунмаган вазиятга биз қандай баҳо беришимиз мумкин? 

72 соатдан буён носозликларни бартараф этиш устида иш олиб бораётган сайт техник ходимларининг таъкидлашича, масала бевосита вазирлик аралашуви билан ҳал бўлиши мумкин. Тўғри-да, Ўзбекистонда ахборот хавфсизлиги юзасидан келиб чиққан муаммо билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланмайди. Шунга қарамасдан, вазирлик масалага панжа ортидан қарашда давом этяпти. 

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолат .uz доменидаги бошқа етакчи сайтлар билан ҳам юз бермоқда. Шубҳали томони ҳам шунда: техник носозлик ва муаммоларга дуч келган сайтларнинг барчаси интернет фойдаланувчилар орасида кўп обуначиларга эга янгиликлар сайтлари ҳисобланади. 19 июнь куни илк ҳолат Kun.uz ва Qalampir.uz сайтларида, сал кейинроқ Sof.uz сайтида ҳам кузатилди. Хусусан, номлари тилга олинган сайтларга хорижда истиқомат қилувчи муштарийлар кира олмаётгани ҳақида шикоятлар пайдо бўлгач, бундай мурожаатлар ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан ҳам билдирилди. 22 июнь куни Xabar.uz сайти ҳам шундай муаммога йўлиқди, айни вақтда сайт манзили вақтинча ўзгартирилган.

Ҳозирда Ўзбекистон ичида сайтларга кириш муаммоси юмшамаган, Kun.uz сайти эса ҳамон ўқувчилар учун ёпиқ қолмоқда. Шунингдек, Xabar.uz Qalampir.uz сайти вакиллари ҳам юзага келган ҳолатдан хавотирдалигини билдиришди. Техник носозлик дея эътироф этилаётган, аслида эркин журналистикани қўллаб-қувватлаб, танқидий мақолалар эълон қилишга журъат этган таҳририят сайтларига кириш йўллари тўсиб қўйилди.