Мен «Kun.uz» сайтида бериб борилаётган янгиликлар, хабар ва мақолаларни доимий равишда кузатиб бораман. Аввал ҳам бир марта сайтга мурожаат қилганман. Сўзлардаги хатоликлар аниқланганда, хатони кўрсатувчи тугмалар ишламаётгани тўғрисида. Бу иккинчи мурожаатимдир.
Маълумки, Ўзбекистонда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган ва мазкур қонун ҳозирги кунда қонуний кучга эга.
Энди савол туғилади: Ишламайдиган ёки деярли ҳеч ким амал қилмайдиган ва ушбу қонунни бузганлик учун жавобгарликка тортилиш белгиланган бўлса-да, ҳеч ким жавобгар бўлмайдиган Қонуннинг кераги бормикан?!
Мени анчадан буён қизиқтираётган мавзу бу — ўзбек тили муаммоси. Бизга маълумки, ҳозирги вақтда деярли барча вилоятларда давлат муассасалари, корхона ва ташкилотларида иш юритиш ўзбек тилида амалга оширилади. Мен бу ҳолатни вилоятлардан бирида тўрт йил мобайнида ишлаб, гувоҳи бўлдим. Лекин Тошкент шаҳрида бунинг тескариси. Бирор-бир давлат ташкилотига ишингиз тушадиган бўлса — ўзбек тилида мурожаат қилсангиз ҳам сизга рус тилида жавоб қайтаришади.
Ёки жуда кўп ҳолатларда давлат идоралари сўровларни рус тилида беради. Қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳам рус тилида. Бу билан миллатчилик қилмоқчи ёки рус тилини билмаслик керак, деган фикрни илгари сураётганим йўқ. Инсон қанчалик кўп тилни билса, ўзига шунчалик яхши бўлади.
Гап шундаки, вилоятларда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича бериладиган таклифлар жуда ҳам кўп. Лекин улар рус тилини билмагани ёки яхши билмагани туфайли ўзларининг таклифларини бера олмайдилар ёки рус тилида бўлган лойиҳани ҳаттоки ўқиб ҳам чиқмайдилар.
«Kun.uz» сайтида ўзбек тили мақоми, унинг жамиятдаги роли ҳақида бир неча бор мақолалар нашр қилинган ҳамда сайт ушбу мавзуга бефарқ эмаслигини кўрсатиб келмоқда. Лекин мазкур мавзу бир неча бор муҳокама қилинса-да, бирор-бир ўзгариш кузатилмаяпти.
Мавзу ўзбек тили ҳақида борар экан, биз ўз тилимизни ҳурмат қилмасак ва ҳимоя қилмасак, жар ёқасига келаётган тилимиз тез орада жарга қулайди. Кейин ортга йўл йўқ. Бу ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли — кескин чора кўришдир. Тўғри, қуйида кўрсатиб ўтаётган ҳолатларим кўпчиликка умуман ёқмаслиги мумкин. Лекин ушбу иш уддаланса, келажак авлод биздан фақат ва фақат миннатдор бўлади. Зеро, Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўзининг ўзбекистонлик эканлигидан фахрланиши ва ўз давлатининг тилини билиши лозим.
Бошқа тилларни, жумладан рус, тожик, туркман, қозоқ, инглиз, япон ва бошқа тилларни билиш эмас, фуқароларнинг ютуғи сифатида қаралиши керак (Ҳозирда Тошкент шаҳрида рус тилини билмаслик эса камчилик сифатида қаралади ва бирор жойга ишга киришга, давлат ташкилотларига ҳам, жуда катта тўсиқ ҳисобланади).














