Ҳукуматнинг 2018 йил 5 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар қилинган.

Мазкур низом Ўзбекистон ҳудудидаги чегара зонаси вa минтақасида чегара режимини таъминлаш тартибини белгилайди.

Низомда хизмат фаолияти ва ўрнатилган режимга риоя этилишини назорат килиш, чегара зонасига кириш (ўтиш), бу ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ва ишларни амалга ошириш, чегара минтақасига кириш (бўлиш) учун рухсатномалар олиш ва уларни расмийлаштириш тартиби белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, чегара зонасига кириш (чиқиш) назорати ички ишлар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, Давлат чегарасида вазият мураккаблашганда эса Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари томонидан ҳам амалга оширилади.

Чегара зонасига кириш (ўтиш), бу ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ва ишларни амалга ошириш тартиби қуйидагича:

— чегара зонасида доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқароларининг паспортларига ички ишлар органлари тегишли махсус штамп қўяди. Бундай фуқаролар чегара зонаси доирасида рўйхатга олиш карточкасини олмасдан, яшаш жойидаги туман ва вилоят ҳудудида ҳаракатланиши мумкин;

— чегара зонасида доимий яшамайдиган ва бу ерга беш кундан ортиқ муддатга келадиган фуқароларнинг паспорти ва шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлардан ташқари чегара зонасида бўлиш учун ички ишлар органлари томонидан бериладиган алоҳида рўйхатга олиш карточкаси ҳам бўлиши шарт;

— ўқишга кетгунича чегара зонасидаги аҳоли пунктларида яшаган олий, ўрта-махсус ва бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабаларидан уларнинг таълим муассасаларида ўқишини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлиши лозим;

— чегара зонасига ота-онаси ёки ҳамроҳлик қилувчи шахслар билан келадиган 16 ёшгача бўлган шахслар ота-онаси ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг рўйхатга олиш карточкаларига киритилади;

— чегара зонасига деҳқончилик, чорвачилик, қурилиш, қидирув ва бошка ишларни бажариш учун келган бир гуруҳ фуқаролар, шунингдек, сайёҳлар, артистлар бригадаси ва чегара зонасида яшамайдиган бошқа фуқаролар жамоаси учун рўйхатга олиш карточкалари гуруҳ раҳбарининг номига у билан келганлар сони кўрсатилган ҳолда берилади;

— рўйхатга олиш карточкалари фақатгина битта туман ҳудудида амал қилади;