Ўзбекистон | 01:09 / 12.07.2018
13707
4 дақиқада ўқилади

Кичик ёшли фарзанди бор аёлларнинг ишлаши учун қандай шароитлар яратилмоқда?

Ўзбекистонда кичик ёшли фарзанди бор аёлларнинг аксарияти иш билан таъминланмаган бўлади, улар бола муайян ёшга етгунга қадар, баъзан эса бир умр уй бекасилигича қолаверади. Бироқ кам таъминланган ёки яшаётган муҳити носоғлом бўлган оилалардаги баъзи аёллар боланинг 3-4 ёшга тўлишини кутиб ўтира олмайди, чунки молиявий етишмовчилик бор, бу эса оилада кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради, психолик носоғлом вазият юзага келиб, охир-оқибат ажримгача етадиганлари бор. Шундай муаммоли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида бугун Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бутунжаҳон аҳолишунослик кунига бағишланган "Оилани шакллантириш - аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқи" мавзусидаги тадбир доирасида шунга доир баёнот берилди. 

"Ҳақиқатан, ёш боласи бор, лекин даромад кўришга эҳтиёжи бору шароити йўқ аёллар талайгина. Биз ҳозир Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида янги лойиҳа устидаги ишларни бошладик. Халқаро ташкилот ҳисобланган UNFPA (БМТ Аҳолишунослик жамғармаси)нинг кўмагида вилоятларимизда нодавлат-нотижорат ташкилотлар марказлари - "Меҳр кўзда", "Ойдин нур" ҳамда "Раҳмдиллик" ташкилотларига айнан шундай ёш фарзанди бору лекин оиласидан узилмаган ҳолда ишламоқчи бўлган, кам таъминланган ёки имконияти чекланган аёллар қамраб олиняпти. Бундай аёлларнинг электрон базаси шакллантирилди. Мана шу лойиҳанинг охирида 50 нафар аёлимизга минитехнологиялар олиб бериб, уларнинг ўз фаолиятларини бошлашларига кўмак берамиз. Бу - бизнес йўналишида", дея маълум қилинди тадбирда. 

Маълум қилинишича, давлат ташкилотларида ишлаш истагида бўлган аёллар учун ҳам бир янгилик қилинмоқда. Ривожланган мамлакатлардаги ташкилотларда махсус Call-Center хизматлари мавжудлигини кўпчилик билади. Энди Ўзбекистонда ҳам мана шундай Call-Center орқали аёлларнинг субагентлик фаолиятини шакллантириш режалаштирилмоқда. Масалан, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланиб, унга кишилар ўз истагига кўра аъзо бўлади. Субагент шу ташкилот хизматларини тарғиб қилиши керак бўлади. Мана шундай истак билдирган аёллар жамланиб, уларга субагент сифатида оиласидан узилмаган ҳолда ёки ҳафтада икки марта келиб, ўша ташкилот хизматларини реклама қилиш таклиф этилади.

Таъкидлаш жоизки, ривожланган мамлакатларнинг аксариятида аёлларнинг ҳатто давлат идораларига ҳам фарзандлари билан келиб ишлаши учун шароитлар мавжуд. Масалан, аёл 1 ёшли фарзанди билан ишга келиб, уни дейлик офиснинг биринчи қаватида жойлашган болалар хонасида қолдиради ва режага кўра ярим ишчи куни ёки шароитга қараб тўлиқ ишчи кунини ўтаб, фарзандини олиб уйига қайтади. Бугунги кунда катта ислоҳотлар олиб борилаётган Ўзбекистонда ҳам шундай шароит яратилса, кичик ёшли фарзанди бор аёллар жуда хурсанд бўлишар эди. Бу оилада етишмовчиликнинг олдини олиш билан бир қаторда аёлнинг шахс сифатида ривожланишини ҳам таъминлайди. Табиийки, ўз фаолиятидан қониқиш ҳосил қилган аёлнинг руҳий ҳолати ҳам, атрофдагиларга бўлган муносабати ҳам ижобий бўлади. Шу билан бирга, қанчадан-қанча аёллар янги иш ўринлари билан таъминланишар эди. Зеро бундай болалар хоналари Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги идора ва ташкилотларда тизимли равишда ташкил қилинса, уларда ишлаш учун энагалар талаб этилади.

Мавзуга оид