Азиз самарқандлик ватандошлар, янги ҳокимингиз ҳақида билишни хоҳлайсизми? Ундай бўлса, интервьюни ўқиб чиқинг!
Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг 20.08.2017 йил сайёр сессияларидаги Самарқанднинг янги ҳокими Эркинжон Турдимов билан тет-а-тет форматидаги суҳбати.

Сиз олдин Навоий вилоятига ҳоким бўлгансиз. Шу боисдан ҳам икки вилоят ҳаётини, аҳоли яшаш шароитини сиздан яхши биладиган мутахассисни топиш қийин. Нима деб ўйлайсиз, икки вилоятни бир-биридан ажратиб турадиган жиҳатлари нимада?
Навоий билан Сурхондарёни таққослаш жуда мушкул. Чунки Навоий саноатлашган ҳудуд ва Навоий мамлакатнинг донори ҳамдир. Бу ҳудуд тушаётган тушумининг 65 фоизини Республика бюджетига беради. Сурхондарё эса 33-35 фоиз маблағни субвенция ҳисобидан марказий бюджетдан олади. Сурхондарёда 5 та туман ва Термиз шаҳри субвенциядан чиққан бўлса, 8 та туман субвенциядан фойдаланмоқда. Шу боисдан, ҳоким сифатидаги асосий мақсадим, Сурхондарёни субвенциядан чиқаришдир.
Халқ билан мулоқот йилида Турдимовнинг ўзига хос технологияси қанақа?
Ҳар битта раҳбарнинг ўз иш режаси бўлиши керак. Акс ҳолда калаванинг учини йўқотиб қўямиз. Масалан, мен ҳоким сифатида ҳар ҳафталик иш режамни белгилаб оламан ва ҳар шанба куни битта туманда, жойига бориб мулоқот қиламан. Чунки, ҳудуднинг ўзига бориб муаммони эшитишнинг натижаси кўп бўлади ва халқ муаммосини ҳис қилиш имкони бўлади. Ҳатто баъзида уларни эшитиб хўрлигингиз келади, афсуски, айрим холларда қўлимдан келмайдиган вазиятлар ҳам бўлиб қолади.
Ҳар якшанба куни телемулоқот ўтказар экансиз. Шу ҳақида гапириб берсангиз.
Биз бу технологияни Навоийда қўллаганмиз ва илк маротаба Сурхондарёда ҳам қўлладик. Охирги мулоқотимизда 420 та мурожаат бўлди. Бундан ташқари, туман ҳокимлари, корхона раҳбарлари, таълим, солиқ ва бошқа соҳа вакиллари ҳам тўғридан тўғри мулоқотга чиқадилар. Кўтарилган масалаларнинг ечилганини эса ҳар жума куни видеоселекторда назорат қиламиз.
Баъзи ҳокимлар мажлис ўтказишни яхши кўради. Сиз-чи?
Ўзим мажлисда ўтиришни ёмон кўраман. Шу боис ҳам кўп мажлис ўтказавермайман. Албатта, самарасиз мажлиснинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ундан кўра, жойига бориб аниқ тадбирлар билан ишлаган яхши. Ушбу қоидага амал қилган раҳбар ўз-ўзидан муваффақиятга эришади. Халқи ҳам бу ҳокимни ҳурмат қилади. Ахир муҳтарам Президентимиз бежиз “Асл баҳони халқ беради” демайдилар.















