Москва қамоқхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси суд ҳукмидан норози бўлиб очлик эълон қилган
Москвадаги «Матросская тишина» қамоқхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаров норозилик сифатида бир ойдан буён овқатланишдан бош тортяпти, деб ёзмоқда «Московский комсомолец» газетаси.
«Матросская Тишина»да ушбу 21 ёшли йигит бир ойдан буён овқатланишдан бош тортмоқда. У очлик эълон қилганини бутун дунё кузатаётгани йўқ. Агар у вафот этадиган бўлса, бутун Европа норозилик билдирмайди, бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Москва шаҳар суди унинг озодликдан маҳрум этилиш муддатини икки бараварга – 10 йилдан 5 йилга камайтирган, аммо йигитни фақатгина оқлов қутқара олади. Бизнинг давримизда бунга эришиш қийин, шунинг учун СИЗО ходимлари у билан хаёлан видолашишмоқда», – деб ёзади нашр.
Маъруфжон Шакаров охирги пайтда шу даражада заифлашиб қолганки, зўрға гапиради. На СИЗО маъмурияти, на тиббий ходимлар уни очликни бас қилишдан қайтара олди. Тошкентдаги авиация техникумини битирган, ушбу йигит фуқаро авиацияси институтига кириш ва учувчи бўлиш орзусида Россияга келганди.
Ҳаммаси бундан бир йил аввал, ёз кунида йигитни полиция патрули тўхтатганидан бошланди. Полициячиларнинг айтишларича, Маъруфжон қочишга уринган, уни ушлашганида эса ёнида гиёҳванд моддалар солинган еттита тугунча бўлгани аниқланган.
Ўз навбатида Шакаров икки полициячига ҳужжатини кўрсатганини, учинчи полициячи ҳам ҳужжатларни кўрмоқчи бўлганида эътироз билдирганини таъкидламоқда. Орада можаро келиб чиққан ва полициячилар Шакаровни камситиб, миллатчилик қилишган. У эса меҳмонларга нисбатан ҳурматда бўлиш лозимлигини айтган. Охир-оқибат уни олиб кетишган ва жиноий иш қўзғатишган.
«Ўзбекистонлик йигитнинг айбини исботлайдиган далиллар эса етарли эмас. Фақатгина унинг телефонидаги «Телеграм» мессенжерида Маъруф ёнидаги моддаларни етказиб бериши мумкин бўлган жой фотосуратлари бўлгани айтилган. Кейинроқ барча фотосуратлар (37та) телефондан йўқолиб қолган. Уларни ҳатто айбланувчининг ўзига ҳам кўрсатишмаган», – деб ёзади газета.
Нашрнинг маълум қилишича, СИЗО тиббиёт қисми бошлиғи экспертиза хулосаси билан танишган. У ҳам, психиатрик экспертиза ҳам йигитда гиёҳвандлик белгиларини топмаган.
Шакаровнинг шикоятини апелляцион тартибда кўриб чиққан Москва шаҳар суди гиёҳванд модда тарқатишга уриниш моддасини шахсий мақсадда истеъмол қилиш учун гиёҳванд модда сақлаш моддасига қайта таснифлаган ва жазо муддатини икки мартага қисқартирган. Шакаров тўлиқ оқланмагунга қадар очликни тўхтатмасликни билдирмоқда.
«Менинг оқланишимга ёрдам беринг, мен ота-онам ва яқинларимга ёрдам беришим, орзуимга эришиш учун олий маълумот олишим керак, Россияга қамоқхонада ўтириш учун келмаганман», - дея мурожаат қилган Маъруф Шакаров «МК» таҳририятига.
Мавзуга оид
19:12 / 14.10.2024
Ўзбекистон очлик даражаси энг паст бўлган давлатлар қаторига кирди
21:52 / 10.10.2024
Дунёда 733 миллион киши очликдан қийналмоқда — ҳисобот
18:02 / 27.09.2024
“Ердаги жаҳаннамга ўхшайди”. Суданнинг Тавила шаҳрида кунига ўнлаб болалар очликдан ўлмоқда
18:40 / 25.07.2024