Дарахтларнинг хунини ким тўлайди? — Паст Дарғомда мактаб директори ташаббуси билан 40та чинор кесиб ташланди
Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги Парчачандир қишлоғидаги 29-мактабда 30 йиллик соппа-соғ чинорлар кесилиб, бухоролик тадбиркорларга пуллаб юборилаётгани ҳақида хабар эълон қилган эдик.
Kun.uz мухбирлари вазиятни воқеа юз берган жойга бориб ўрганди.
29-мактаб директори Баҳром Абдураҳимовнинг айтишича, 750 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда 850 ўқувчи таълим олмоқда.
Мактаб 1990 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган мактаб фойдаланишга топширилишидан бир йил аввал айни пайтдаги кекса педагоглар томонидан 40 туп чинор экилган.
30 йиллик йиллик чинорларнинг четдаги 7таси қийшиқроқ ўсган, қурт-қумурсқалар ичини кемирган, лекин уларга қўшиб қолган 33 туп соппа-соғ чинорлар бугунги кунда кесиб ташланмоқда.
Мактаб директори Б.Абдураҳимов бунинг учун мактаб жамоаси мажлис ўтказганини, туман ҳокими рухсат бергани даъво қилади.
Қолган ҳужжатларга эътибор берамиз: барчаси мактаб директори Баҳром Абдураҳимов шахсий ташаббуси билан бошланган.
1). 29-мактаб директори 24 май куни туман ҳокими С.Эргашевдан мактабдаги кўп чиллик чинорлар касаллангани (уларнинг аксарияти — 33таси соғлом экани яширилиб), илдизлари бетон лотокларни ёриб чиқаётгани ва шамол чоғида ўқувчилар устига қулаб тушиши мумкинлиги ва чинорларнинг ортидаги арчаларнинг ўсишига халақит қилаётганини билдириб, ушбу дарахтларни кесиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат олиб беришни сўраган (мактаб директори хатидаги хатоларга эътибор беринг);
Ҳолбуки бу масалада мактаб бошланғич касаба уюшмаси аъзоларининг мазкур масалага бағишланган йиғилиши 11 июнь куни ўтказилган (тепароқдаги суратга қаранг).
Демак, 24 май куни туман ҳокимига мурожаат қилиш ташаббуси мактаб директори Б. Абдураҳимовнинг яккаю ёлғиз ўзидан чиқмоқда.
Яхши! Давом этамиз…
2). 2 июнь куни туман ҳокими ўринбосари Т.Ҳамзаев имзоси билан Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ф.Неъматов номига хат жўнатиб, 29-мактаб ҳудудидаги кўп йиллик чинор дарахтларини кесиб олишни ўрганиш учун мутахассис жўнатишни сўраган;
3). Ф.Неъматов эса 4 июнь кунги хати билан Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари биохилмахилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси бошлиғи Д.Рўзибоевга дарахтларни кесиш учун мутахассис хулосаси беришни сўраган;
4). 7 июнь куни мазкур Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари биохилмахилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси инспектори Н.Ҳасанов 7та чириган чинорни кесиб ташлаш, 33та соғлом чинорни эса махсус рухсатнома расмийлаштирилиб кесиш мумкинлиги ҳақида далолатнома тузиб беради;
5). Гарчи далолатнома 2018 йил 7 июнь куни тузилган бўлса-да, Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари биохилмахилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси орқа сана — 4 июнь санаси билан №173-сонли хулосасини Паст Дарғом туман ҳокими ўринбосари Т.Ҳамзаевга жўнатади. Унда мактабда 33 туп чинор соғлом ўсиб тургани ва мактаб ҳовлисининг ободонлаштириш ва реконструкция ишлари халақит бераётгани ҳақида ДАЛОЛАТНОМА тузилгани айтиб ўтилган.
Инспекция хулосасига кўра, 33та дарахт учун 10.575.536 сўм пул тўланиб, Паст Дарғом туман ҳокимлигидан махсус рухсатнома олингач, мазкур соғлом дарахтларни кесиш ишлари амалга оширилиши мумкинлиги айтиб ўтилган.
Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи 20 июнь куни мутахассис хулосасини Паст Дарғом туман ҳокими ўринбосари Т.Ҳамзаевга жўнатган.
Мазкур воқеада энг ҳайратланарли жойи — Паст Дарғом туман ҳокими С.Эргашевнинг 2018 йил 29 июндаги фармойишида инспекциянинг №173-сонли хулосаси ўрганиб чиқилгани ва фақат танаси зараркунандалар билан касалланган 7 туп чинор тагидан кесилишигагина рухсат берилган. 33та соғлом дарахт ҳақида ЛОМ-МИМ дейилмаган!
Ҳоким фармойишида ижрони таъминлаш туман ҳокими ўринбосари Т.Ҳамзаев зиммасига юклатилган ва мазкур мансабдор шахс соппа-соғ дарахтларни кесиш учун рухсатномани чиқартириб, мактабдаги барча чинорларга қирон келтирувчи гажакдор имзосини қўйган!
Мазкур масалада қизиқарли жиҳати — 7та касалланган чинорни кесиш ҳақидаги фармойишдан бошқа бирор хатда ё рухсатномада туман ҳокими С.Эргашевнинг имзоси йўқлигидир. Алалхусус, туман ҳокимининг ўзи ҳам бу машмашалардан бехабар бўлса керак.
Бу ишларни мактаб директори, Паст Дарғом туман ҳокими ўринбосари, инспекция инспектори асло қандайдир манфаат юзасидан амалга оширган, дейишдан ўта йироқмиз. Улар барча виждонли амалдорларга хос тарзда, бу ишларни ўртага бир тийин аралаштирмасдан, топ-тоза виждон амри билан текинга амалга оширишган, албатта. Ҳақиқатдан ҳам, ҳар бир мурожаатга ҳокимлик ва идоралар мана шундай, рисоладагидек жуда тез жавоб бериши ҳам керак-да, ўзи. Ўз касбига, давлат ишониб топширган мансабга виждонан ёндашиш мана шунақа бўлади. Қанийди, фуқароларнинг ойлаб девонхонада «ачиб» ётадиган мурожаатларига мана шундай, яшин тезлигида жавоб берилса!
Ажабланарлиси — мактаб директори Б.Абдураҳимовнинг бизга айтишича, соғлом чинорларни кесиш учун 10,5 миллион сўмни ҳам тўлаган, ҳамда уларни харид қилаётган бухоролик харидор Шоназар Жумаев дарахтлар эвазига мактабга яна 6та ноутбук ва принтер олиб берар ва мактабнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланар экан.
Хўп, амал-тақал қилиб чинорлар кесилибди, уларни бозор нархида ҳисоблатиб, пулларни тийин-тийинигача мактаб кассасига кирим қилиш, деган гаплар йўқ. Бўйи 15 метрлик 33та сипта чинорга 6та ноутбук ва принтер! Профит!
Энди ўринли бир савол туғилади: тўппа-тўғри, шамшоддек ўсиб турган чинорлар шамолда ўқувчилар устига тушиб шикаст етказиши мумкин бўлган ўша шохлари кесилиб, тартибга солиниши мумкин эдими йўқми?! Бир четда ўсиб, мактаб ҳовлисига қалин соя бериб турган чинорлар кимга халақит бераётган эди?! Ўша лоток ўлгурни ўзини таъмирлаш яхши бўлмасмиди?!
Битта дарахтни мана шундай тарбиялаб, ўстириш учун қарийб 30 йил вақт керак бўлибди. Яқиндагина мактабга директор бўлган яна қанча ишлаши номаълум бўлган Б.Абдураҳимов каби шахсларнинг истаги билан, яшил бойлигимиз бўлган дарахтларни авайлаб-асраш учун масъул бўлган идоралар соппа-соғ дарахтларни кесиш учун рухсатномалар ва далолатномалар бериб юборавериши мантиққа тўғри келадими?! Энди мазкур вазиятда туман ҳокими ўринбосари Т.Ҳамзаев, ҳудудий инспекция инспектори Н.Ҳасановга ўхшаган шахслар табиатни муҳофазаловчими ёки дарахтларнинг душманими?! Нима деб ўйлайсиз?
Бу савол бизга ҳам қизиқ. Шу сабабли, Kun.uz таҳририяти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Паст Дарғом туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлимидан мазкур масала бўйича жавоб кутиб қолади.
P.S. Мазкур суриштирувнинг эълон қилиниши бироз кечикди, биз борган куни чинорларнинг айримлари кеcилмасдан турган эди. Лекин мотоарралар шай, бензинлар баклашкада эди. Биз суриштириб билдикки, 33та соғлом чинорнинг барчаси аллақачон таг-тубидан кесиб ташланиб, Бухорога олиб кетилган. Шох-шаббаларни йиғиштириш, тўнкаларни кавлаб олиш ишларига эса мактаб ўқитувчилари сафарбар этилган.
Мактаб касаба уюшмаси қўмитаси томонидан чинорларни кесишга бағишлаб ўтказилган йиғилиш баённомасига қўл қўйган айрим ходимлар эса ўз имзоларидан тонишмоқда.
Қизиғи энди бошланади. Kun.uz’дан узоқлашмай турасиз…
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири
Мавзуга оид
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024
Самарқандда тормози ишламай қолган “Камаз” 7 та машинани пачоқлади
19:00 / 13.09.2024