Ўзбекистон Республикаси президенти “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, маҳаллий кино саноати миллий маданият ва санъатни ривожлантиришга, ёшларни садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, кекса авлодга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бебаҳо ҳисса қўшмоқда. Кино инсон билимини орттиришда муҳим роль ўйнайди, унинг бой мазмуни эса аҳолининг билимдонлик даражасига бевосита таъсир қилади.
Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати миллий кино саноатининг жадал ривожланишига, жаҳон кино бозорида рақобатбардошликни оширишга, уни чет элда тарғиб қилишга тўсқинлик қиладиган бир қатор ҳал этилмаган муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:
биринчидан, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражасининг пастлиги, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳоратларининг етарли даражада сифатли эмаслиги, ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган бадиий образларнинг кўпинча мавжуд эмаслиги миллий кинематографиянинг асосий мақсадлари бўлган – ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, ёт “оммавий маданият”га қарши курашиш кабиларни амалга оширишга имкон бермайди;
иккинчидан, кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини бериш юзасидан шаклланган амалиёт татбиқ қилинадиган тартибларнинг очиқлиги ва шаффофлигини, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишни, шунингдек, кинематография соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожланишига тўсқинлик қилади;
учинчидан, кино саноати соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегияси, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг ўзини оқлаши ва даромад келтиришига қаратилган замонавий маркетинг тадқиқотлари ва аниқ мақсадли кино ишлаб чиқариш дастурларининг мавжуд эмаслиги миллий кинематографиянинг юқори зарар билан ишлашига олиб келмоқда;
тўртинчидан, кинопрокат ва республика бўйлаб кино маҳсулотларини етказиб бериш самарасиз тизимларининг мавжудлиги, ишлаб чиқарилган кино маҳсулотларининг етарли даражада тарғиб қилинмаслиги оқибатида аҳолининг суст хабардорлиги кинопрокатчилар даромадларига, кинокомпанияларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини моддий рағбатлантиришга салбий таъсир кўрсатди, шунингдек, кинотеатрлар тармоғи фаолиятининг тугатилишига олиб келди;
бешинчидан, давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотларига ажратиладиган маблағларнинг етарли эмаслиги, кино ишлаб чиқарувчиларни солиққа тортиш тизимининг самарасизлиги ва юқори солиқ юки кино саноати соҳасининг рентабеллигини чеклайди ва кинематографиянинг умумжаҳон ривожланиш тенденцияларига мувофиқ илғор инновацион ва рақамли технологияларни жорий этишни рағбатлантирмайди;

















