Янги лойиҳа: Тошни тешган томчилар
Инсон қалби яхши сўзлар билан озуқлангиси келади. Дили яхшиликларга, эзгу амалларга ташна бўлади. Баъзан уни инсонлар тажрибасидан, ҳикматли сўзлар ўқиш билан ҳам олиш мумкин. Мана шундай ижобий ишларни амалга ошириш мақсадида, Kun.uz таҳририяти мустақил исломшунос ва илм изланувчиси Заҳириддин Мансур билан янги лойиҳага қўл урди.
Рустамов Заҳириддин Алоуддин ўғли Қирғизистон Республикаси, Ўш вилояти, Қорасув шаҳрида дунёга келган. Дастлабки ислом ва дунё илмини отаси Шайх Алоуддин Мансурдан ўрганган.
Шайх Алоуддин Мансур Ўзбекистонда ислом дини ривожланишига ҳисса қўшган исломшунос таржимон ҳисобланади. Мустақилликнинг дастлабки йиллари Қуръони Каримни биринчилардан таржима қилиб, ўзбек китобхонини хушнуд этган инсон.
Ҳозирда фарзанди Заҳириддин Мансур диний, фалсафий ва илмий йўналишларда ижод қилиб келмоқда. Қуйида ижод маҳсулларидан бири - янги лойиҳа “Тошни тешган томчилар” ҳикматлар йиғиндисидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
“Ушбу битиклар турли арабий манбалар мутолааси жараёнида тафаккурга ундаган ҳикматларнинг тасаввуримизда жонланган изларидир. Ҳикматлардан бирида айтилади: “Агар тошга инсон бўлгил, десангиз, у мен бунчалик қўпол, тошбағир бўла олмайман!”, – дейди. Дарҳақиқат, гуноҳлар зангидан қорайиб қотган қалб тошдан-да қаттиқдир. Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларидан қувват олган “Адабуд дунё ва дин”, “Сеҳрул балоға ва сиррул бароъа”, “Хизанатул адаб”, “Атвақуз заҳаб фил мавоъизи вал хутаб”, “Унвонул баён ва бўстонул азҳан” каби ва бошқа адаб илмига оид манбалардан олинган таассуротлар баъзан хотирада, баъзан ён дафтаримиз ҳошияларида ўрин олган эди. Мазкур ҳикматларни имкон даражасида шарҳлаган бўлдик ва уларни мажозий маънода “Тошни тешган томчилар” деб рамзий номладик.
Мана, улардан айримларини бир шодага жамлаб, сиз азиз ўқувчиларга тақдим қиляпмиз. Ўйлаймизки, мазкур давомли лойиҳамиз сизларга манзур бўлади. Лойиҳамизни тез орада мустақиллигининг 27 йиллигини нишонлайдиган миллатдошларимиз - ўзбек халқига биздан совға сифатида улашдик.
Сен келажагингни ўзгартиришга қодир эмассан, лекин одатларингни ўзгартиришинг мумкин, зеро одатлар келажагингни ўзгартиради”, - дейди муаллиф.
Тошни тешган томчилар: Инсон келажаги
Инсон тақдири Аллоҳнинг измида. Келажакка қўл солиш чегарадан чиқиш демакдир. Инсон умри уч босқичдан – ўтмиш, ҳозир, келажакдан иборат. Нафас олаётган ҳар бир инсон умрнинг иккинчи босқичидадир. Агар бизни келажагимиз қизиқтирса, сўнг натижа нима бўлишидан бефарқ бўлмасак, ҳар куни қилаётган ишларимизга, табиатимизга айланиб бораётган одатларимизга назар солишимиз лозим. Ёмон ишларга одатланган бўлсак ва бу одатни тарк этиш ниятимиз бўлмаса, демак, келажагимиз ёруғ эмас. Агар яхши ишларга, эзгу амалларга одатланган бўлсак, бизларни буюк келажак кутмоқда. Билингки, келажагимиз ҳақида тафаккурга эга бўлиш, қайсидир маънода уни ўзгартириш ўз қўлимиздадир.