Раҳбар ким? У қандай ахлоқий, иродавий, интеллектуал сифатларга эга бўлмоғи даркор? Аслида ҳақиқий раҳбар ўз сиймосини адолатпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик воситасида намоён қилади. Мамлакатимиз президенти Ш.Мирзиёвнинг таъбири билан айтганда: «Бугунги раҳбар хато қилишга ҳаққи йўқ».
Аммо бугунги кун раҳбари билимсиз, зеҳнсиз, қўрқоқ, жоҳил, идроксиз, ёлғончи, вафосиз, юраксиз, кибрли, феъли бузуқ, лоқайд, боқибеғам, танбал, ландовур, нодон ва нафсининг қули бўлса, корхонанинг келажаги қандай бўлади?
«Раҳбар яхши бўлса, эл тузар, раҳбар ёмон бўлса, эл тўзар», дейди халқимиз. Баъзан раҳбарлик курсиси субъектив сабабларга кўра бебурд, лоқайд, нодон, жоҳил, идроксиз, кибрли одамларга ҳам насиб қилади. Бу тоифадаги раҳбар лавозимда турганида — азиз, ундан тушганида ортиқча одамга айланади. Ундайларни халқ бағридан итқитади, ундан қутилганига шодланади. Чунки у лавозимда турганида халққа хизмат қилмай, жамоани ўзига хизматкор қилиб олган бўлади... Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда ҳам эл тўзар раҳбарлар жамиятимизда оз эмас.
Ҳақиқий раҳбар эса ёмонликдан ҳам, яхшиликдан ҳам устун туролади. Жонбоз, ватанпарвар, ишбилармон, ташаббускор раҳбар учун адолат, Ватан манфаати онг ва қалбининг шуурига айланган бўлади.
Мен бу жараёнда ҳар қандай одам корхонани бошқариши мумкин, деб айтаётганим йўқ. Агар шундай бўлганида эди, раҳбарликнинг мазмуни йўқолган бўларди. Ҳар биримиз раҳбар бўлишимиз мумкин, аммо корхонанинг ходимлари бир хил иш билан машғул эмас. Мабодо корхонанинг ҳар бир ходими ўз иши билан шуғулланмаса, ишда бошбошдоқлик содир бўлиши тайин.
Шу боис, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзининг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида ажойиб бир танбеҳни ёзади: «Ҳар ким ўз аравасини тортса... Ҳар ким ўз юмушини бажарса, олам – гулистон. Сартарошни сувоқчи қилиб қўйсангиз, деворга совун кўпиги суртади. Этикдўзни сартарош қилсангиз, одамнинг бошига мих қоқади...»
Иззатталаб, манман, лоқайд раҳбар томонидан корхонадаги ҳақиқий лидерларга ўзларини намоён қилишларига имконият бермаслик, уларнинг яратувчанлик ғояларини инобатга олмаслик ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди.
Жамоага ҳақиқий лидер етакчилик қилмаса, муносабатларда алғов-далғов ва чалкашликлар содир бўлади, ишлаб чиқаришда самарадорлик пасаяди. Шу боис Кайковус ўзининг «Қобуснома»сида ёзади: «Эй фарзанд... Ҳеч одамдин хизматни дариғ тутмағил ва лекин ҳар кишига иш буюрсанг, ўзига муносиб ишни буюрғил, номуносиб ишни буюрмағил, ундоқким, фаррошликка муносиб одамга шаробдорликни буюрмағил, шаробдорликка муносиб кишини хазинадор қилмағил. Алқисса, ҳар кишига ҳар ишни буюриб бўлмас. Агар иш билмағон кишига бир ишни буюрсанг, у киши ўз манфаати учун бу ишни билмаслиғин айтмаса, ул иш дуруст ва фойдали бўлмағусидур. Бас, ишни билғон одамга буюрғил, токи дардисарликдин қутулғон бўлғайсен... Агар бир нодонга хизмат буюрсанг, ўз нодонлиғингга гувоҳлик берғон бўлурсан».














