Пойтахтимиз қиёфасини тубдан ўзгартириши кутилаётган бунёдкорлик ишлари ўзининг кўламдорлиги ҳамда атрофида кечаётган баҳс-мунозаралари билан жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Булар – айниқса, улкан инновацион иншоотлар барпо этилаётган Ўқчи ва Олмазор маҳаллалари аҳолисини кўчиртиришдан бошлаб, қурилишга сарфланаётган молиявий маблағга ҳам тааллуқли.
Жараён бир лаҳза ҳам тингани йўқ: юк машиналари карвони тун-у кун бунёд этилаётган Tashkent City ҳудудига тонналаб тупроқ, шағал, қум ва бошқа қурилиш ашёларини ташияпти; чиқитлар олиб чиқиб кетилмоқда. Аммо маълумотлар жуда кам, қурилиш тевараги улкан чодирлар билан ўраб қўйилган, объект ишчи-ходимлари эса бу борада изоҳ беришни кўп ҳам исташмайди.
Расмий маълумотлар эса жуда кам. Ахир 80 гектарлик майдонда катта ўзгаришлар бўладию, гап сўз урчимай қоладими? Элнинг оғзига эса элак тутиб бўлмайди. Ёки лойиҳа ҳақиқатан ҳам “ёпиқ эшиклар” мазмунида амалга оширилаяптими? Одамларнинг гап-сўзларига қулоқ тутамиз:
“Лойиҳа давлат бюджети ҳисобидан қурилмоқда!”
“Tashkent Cityда аслида барча иншоотлар бузилиб, ўрнида ҳеч нарса қурилмаяпти!”
“Тарихий-меъморий ёдгорликлар ва яна бошқа кўп биноларни бузишди!”
“Кўп йиллик дарахтлар... Уларни битта ҳам қолдирмай илдизи билан қўпориб ташлашди!”
Сизга таниш бўлган мушоҳадаларми?
Бу жамоатчиликнинг ижтимоий тармоқларда қолдирган фикрлари. Янаям аниқроқ айтсак, сиз билан бизнинг айни пайтда ҳис-ҳаяжонга йўғрилган мулоҳазаларимиз. Хўш, бу қабилдаги фикрлар пайдо бўлишига нима сабаб бўлди?
Келинг, шулар тўғрисида суҳбатлашайлик ВА...
Аввалбошдан муддаога кўчайлик – “Tashkent Сity” ХИМ жамоаси ўзининг барча “сир-асрорларини очиш”га тайёр! Биз шаффофлик тарафдори. Шу боис жамоатчилик вакиллари фикрини инобатга олган ҳолда очиқ мулоқотга тайёрмиз ва амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва истиқболдаги режаларни баён этишга ҳар доим тайёрмиз. Агар кузатиб бораётган бўлсангиз, бу борада ахборот материаллари чоп этилмоқда, ижтимоий тармоқларда эса махсус саҳифалар фаолият кўрсатаётир, бинокорликнинг муҳим жиҳатларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш баробарида учрашув ва баҳс-мунозараларда билдирилган асосли ғоялар инобатга олинаяпти. Уларнинг натижалари эса, албатта татбиқ этилмай қолмайди.
Энди, юқорида келтирилган айрим учқуйруқ саволлар ҳақида.
Айтиш керакки, лойиҳа давлатимиз раҳбарининг шахсан назорати остида. У маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларнинг сармоялари ҳисобига барпо қилинмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид № 559 қарорига мувофиқ давлат томонидан маблағ ажратилмаган.












