Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романида: “Барча бахтли оилалар бирдай бахтли, бахтсиз оилалар эса ўзича бахтсиз” ибораси бор. Иқтисодиётда ҳам ана шу машҳур иборага асосланган “Анна Каренина тамойили” мавжуд. Хўш, бизнинг бахтимиз нимада, бахтсизлигимиз нимада? Бу савол барчани бирдек ўйлантириши табиийдир. Бизнинг бахтимиз, албатта, жаннатмакон юртимиз ва жаннатмонанд инсонларимиздир. Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг минерал хомашё захиралари 5,7 трлн. долларга баҳоланмоқда. Аммо бизнинг бахтсизлигимиз мавжуд табиий, иқтисодий ресурслардан етарлича самарали фойдалана олмаётганлигимизда. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси дунё амалиётида иқтисодиётнинг “голланд касаллиги” каби салбий ҳолатлар мавжудлигидан дарак беради. Қуйида сизу биз огоҳ бўлишимиз лозим бўлган мазкур салбий ҳолат тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз.
“Голланд касаллиги” биз ўйлаганимизчалик оддий тушунча эмас. “Голланд касаллиги” тушунчаси биринчи маротаба 1977 йилнинг ноябрь ойида Economist журналида келтириб ўтилади. Мазкур тушунчага изоҳ берилар экан, Голландияда табиий газ қазиб олишнинг кўпайиши иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайишига олиб келганлиги айтиб ўтилади. Ҳамма гап шундаки, Слохтерендан унча узоқ бўлмаган Гронинген провинциясида “зангори олов”нинг йирик кони очилади. Айнан, шу сабабли ҳам мазкур тушунчанинг “Гронинген самараси” деган бошқа номи ҳам мавжуд.
Бироқ иқтисодиётнинг “голланд касаллиги” бизни узоқ XVII асрнинг бошларига Голландия давлатига ўзига хос “саёҳат” қилишга етаклайди. Ўша даврда Голландияда аҳолининг аксарият қисми лола етиштириш билан шуғулланар эди. Бу пайтда Европада лолага талаб кун сайин ўсиб борар, унинг янги навлари нархни яна ҳам ўсишига сабаб бўлар эди. Бунинг натижасида лола бизнеси бошқа бизнесларга нисбатан бир мунча фойдали бўлиб қолди, баъзи ҳолларда, лола пиёзи голландиялик фуқаронинг ўртача йиллик даромадидан қарийб олти маротаба юқори нархларда сотилар эди. 1636 йилда лола пиёзлари мамлакатнинг турли шаҳарларидаги биржаларда сотила бошлади. Аммо 1637 йилнинг кириб келиши билан вазият мутлақо бошқача тус олди. Лола ва лола пиёзларига қизиқиш сўнди ва шунинг билан бир қаторда лола пиёзларига майда зараркунандалар зиён етказиб, товар сифати пасайиб кетди. Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиёти учун жиддий зиён келтирди: иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани оқибатида, уларни оёққа турғазиш учун жиддий бош қотириш кераклиги аён бўлиб қолди.
Хўш, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида “голланд касаллиги”нинг белгилари борми?
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь-июнь ойларида 17,7 млрд АҚШ долларини, шу жумладан, экспорт 7,8 млрд ва импорт 9,9 млрд долларни ташкил қилган. Ярим йил давомида ташқи савдо айланмаси салдоси минус 2,1 млрд долларни ташкил этди. Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78,5 фоизга ўсиши табиий газнинг 1,9 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Табиий газ экспорти жорий йилнинг биринчи ярим йилида 1139948 минг долларни ташкил этди. Бугунги кунда “Ўзбекнефтегаз”нинг мамлакатимиз Ялпи ички маҳсулотидаги улуши қарийб 15 фоизни, давлат бюджети даромадларининг бешдан бир қисми мазкур компания фаолияти ҳисобига шаклланади. Бугунги кунда мамлакатимизда йилига қарийб 70 миллиард кубометр табиий газ ва 8 миллион тоннага яқин суюқ углеводородлар қазиб олинади. Бироқ углеводородлар қазиб олиш йилдан йилга камайиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Иқтисодий хавфсизликнинг жаҳонда қабул қилинган меъёрлари бўйича мамлакат миллий даромадининг табиий ресурсларни сотиш эвазига шаклланадиган қисми 20 фоиздан ошадиган бўлса, бу мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши кўрсатиб ўтилган. Хўш, иқтисодиётимизда мана шундай салбий ҳолатларнинг вужудга келмаслиги учун нима қилишимиз керак?














