Бугун қай бир ўзбек хонадонига кириб бормайлик, давра тўрида, албатта, турмушнинг оғир синовларини катта машаққат ва метин ирода билан енгиб ўтиб, айни дамда кексалик гаштини сураётган, ҳар ишда бизга ибрат ва намуна бўлган нуронийларни кўрамиз. 

Тўғри-да, инсон ёши улғайгач, меҳнатига яраша роҳатини ҳам кўриши керак. Шу боис ўзбек хонадонида кексалар доимо тўрдан жой олса, ёшлар пойгакда хизматга шай туришади. “Олтин олма, дуо ол” нақлининг мазмун-моҳиятини яхши билади ҳозирги авлод.

Фото: nuroniy.uz

Дарвоқе, кексалар қачон ҳаётдан рози бўладилар?

Қачонки, юрт тинч бўлса, фарзанду набиралар камолидан кўнгиллар тўқ бўлса. Кекса авлод муносиб хизмат қилган жамият уларни ардоқласа. Ёшлар бобо-ю момолар панду насиҳатига қулоқ тутиб, шу азиз Ватан равнақи учун жон куйдиришса, фидойилик кўрсатишса.

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида, шубҳасиз, катта авлоднинг ҳам алоҳида ўрни бор. Хусусан, президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Маълумки, ушбу Фармоннинг 4-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра, маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуалари фойдаланишга топширилишини таъминлаши, масканда “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) бўлимлари фаолият кўрсатиши белгиланган. Шу билан бирга, масканларни қуришда бой китоб фондига эга китобхонлар зали, шахмат, шашка ва дам олиш хонаси, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия зали, ошхона, тиббий хона ташкил этиш ҳамда мажмуани зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш назарда тутилган. Демак, фармонга кўра, ўтган йили юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Нуронийлар маскани” фойдаланишга топширилиши шарт эди.

Фармон ижроси таъминланган туман ва шаҳарлардаги маданият ва дам олиш истироҳат боғларига кирсангиз, узукка кўз қўйгандек ярашиб турган, миллийлик ва замонавийлик ўзаро уйғунлашган гўзал, кўркам масканларни кўриб, дил яйрайди. Ижро таъминланмаган туман ва шаҳарлардаги ҳолат эса кўнгилни хира қилади.