Ўзбекистон | 10:50 / 07.08.2018
5675
4 дақиқада ўқилади

Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича ҳужжатлар сони қисқартирилди

Фото: Depositphotos

Президентнинг 19.07.2018 йилдаги ПҚ–3874-сон қарори билан Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Маълумот учун: республика бўйича давлат томонидан мувофиқлаштирилаётган махсус дастурлар (инвестиция дастурлари, ривожлантириш давлат дастурлари) асосида қуйидагилар амалга оширилмоқда:
 
• инвестициявий лойиҳалар – иқтисодий, ижтимоий ва бошқа наф олиш мақсадида инвестицияларни амалга ошириш ёки жалб этишга йўналтирилган;
 
• инфратузилмавий лойиҳалар – рентабеллиги паст ёхуд норентабель бўлган ижтимоий, йўл-транспорт, сув хўжалиги ва муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш, модернизация, реконструкция қилиш ва кенгайтиришга йўналтирилган.
 
Уларни молиялаштиришда инвесторларнинг қўйилмалари билан бир қаторда давлат маблағлари иштирок этиши боис бундай лойиҳаларни бошқариш жараёнига оид ҳужжатлар пухта расмийлаштирилиши талаб этилади.
 
Содда қилиб айтганда, лойиҳа иштирокчилари олдида аниқ вазифа турибди (масалан, металлургия заводини қуриш). Ушбу вазифа ечимининг қайси вариантига пул ажратиш кераклигини аниқлаш лозим, яъни самарали режалаштириш ва лойиҳалаштириш ҳақида сўз бормоқда (масалан, у ёки бу хом ашё ва ёқилғидан фойдаланилишига қараб қайси турдаги печни танлаш керак). Сўнг қурилишни амалга оширадиган пудратчиларни белгилаш талаб этилади, яъни маблағ самарали сарфланиши таъминланади. Бунда қабул қилинаётган қарорларнинг тўғрилиги тегишли ҳужжатларни экспертиза қилиш йўли билан текширилади.
 
Қабул қилинган ҳужжат бюрократик талабларни бирмунча бўшаштирди.
 
Биринчидан, илгари мустақил бўлган икки турдаги ҳужжатлар – дастлабки техник-иқтисодий асосланмалар ва ҳисоб-китоблар (ДТИА/ДТИҲ) ҳамда якуний техник-иқтисодий асосланмалар ва ҳисоб-китоблар (ЯТИА/ЯТИҲ) биттага бирлаштирилди. Энди фақат ТИА/ТИҲ бўлади, унда вариантларни кўриб чиқиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечими танлангани асосланади, лойиҳаларни молиялаштиришнинг ишлаб чиқилган дастлабки шартларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳанинг умумий чекланган қиймати ҳамда молиялаштиришга эҳтиёж ҳажми белгиланади. 
 
Шу тариқа, лойиҳалар бўйича ҳужжатлар рўйхати энди қуйидагиларни ўз ичига олади:

• ТИА/ТИҲни ишлаб чиқиш учун техник топшириқ;
• ТИА/ТИҲ;
• ишчи ҳужжатлар (ишчи лойиҳа);
• тендер (танлов) ҳужжатлари.
 
Бунда агар илгари ДТИА/ДТИҲ ва ТИА/ТИҲ экспертизаси 50 иш кунигача (ДТИА/ДТИҲ – 30 иш кунигача, ТИА/ТИҲ – 20 иш кунигача) вақтни олган бўлса, улар бирлаштирилгандан кейин бунга 30 иш кунидан кўп вақт кетмайди. 
 
Иккинчидан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказиш маркази» ДУКда (бундан кейин – Марказ) экспертизадан ўтказилиши керак бўлган ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати қайта кўриб чиқилди. 

Учинчидан, экспертизага тақдим этиладиган ҳужжатлар пакети белгиланди.

Ҳужжат бошқа бир қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олган 23.07.2018 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид