Инсон умри шу қадар қисқа ва кутилмаган вазиятларга бойки, эрта бир кун нима бўлиши, қандай синов ё мукофотлар келишини билиб бўлмайди. Ҳаёт чиғириқлари Ҳақ йўлини танлаган, зиёли инсонларни ҳам синовдан ўтказади, дард билан сийлайди. Анвар қори Турсунов ҳам кўп синовларни бошдан ўтказди. 51 ёшида кўксига қадалган тўққиз тиғни мардонавор қаршилади, Яратганнинг инояти ила оёққа туриб, ўз вазифасини давом эттирди. У қарши кучларнинг дўқ-пўписаларидан қўрқмади. Шу боис ҳам халқ орасида обрў-эътибор топиб, миллионлаб мусулмонларни Ҳақ йўлига даъват этди. Қанча инсонларнинг ҳаётига хотиржамлик олиб киргани, қалбини иймон нури ила ёритгани фақат Яратганга аён.

Анвар қори Турсуновнинг зурриёди Зиёвуддин Турсунов отаси билан боғлиқ хотиралари ҳақида сўзлаб берди.

– Зиёвуддин, бугунги суҳбатимизга қимматли вақтингизни аямай ташриф буюрганингиз учун ташаккур. Охирги ойлар сиз ва яқинларингиз учун ниҳоятда қайғули бўлди. Ҳақ ўлим падари бузрукворингизни бу ҳаётдан олиб кетди. Энг ёмони, у инсон оғир хасталикка чалинганда ҳам миш-мишларнинг кети узилмади. Дадангиз буларни қандай қабул қилди?

– Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм! Дадамнинг ўлимлари биз ва мухлислари учун кутилмаган зарба бўлди. Яратганнинг иродаси экан, кутилмаганда инсультга чалиниб, икки ойлик даволанишлардан сўнг вафот этдилар. Баъзи интернет нашрлари ёзганидек ёки айримлар айтганидек, дадам тилла соат ҳақидаги гап-сўзлар туфайли хасталикка чалинди деб ҳисобламайман. Бу гаплар кўнгилларини ранжитди, аммо ҳақиқат раддияда айтилгандек бўлгани учун куйиб-пишмадилар.

Қон босимлари аввал ҳам кўп безовта қилиб турарди. Мартда кутилмаганда тоблари қочди. Шифокорлар кўрикдан ўтказиб, инсульт ташхисини қўйишди.

– Инсон ўлимини олдиндан ҳис қилади деган фикр диний адабиётларда ҳам қайд этилган. Дадангизда ҳам ўлимдан олдин бирор ўзгаришни пайқадингизми?

– Одамзод хом сут емган банда экани кўп бор панд беради. Рости, ўша пайт дадамдаги ўзгаришларни кўргандим, аммо англамагандим. Дадам раҳматли инсультга чалинишдан аввал икки ҳисса кўп ишлайдиган, тезроқ улгуриб қолай дейдиган бўлиб қолганди. Ҳозир дадамнинг ҳаётлик чоғларини эсласам, ўша ойлардаги шиддатлари кўз олдимда намоён бўлади.

– Тилла соат машмашаси анча пайтгача халқ оғзидан тушмади. Ижтимоий тармоқларда турли гап-сўзлар болалади. Воқеа аслида қандай бўлганди?