Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Олий таълим муассасаларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, ҳар бир ишчи фан дастури машғулот ва баҳолаш турлари, уларнинг шакллари ва мезонлари кўрсатилган ҳолда кафедра мудири тавсияси билан олий таълим муассасаси (факультет)нинг ўқув-услубий кенгашида муҳокама этилади ва олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари) томонидан тасдиқланади.

Фан бўйича баҳолаш турлари, шакллари, тартиби, сони ҳамда мезонлари ҳақидаги маълумотлар талабаларга профессор-ўқитувчилар томонидан дастлабки машғулотларда эълон қилинади.

Талабаларнинг фан бўйича ўзлаштириши оралиқ ва якуний баҳолаш турлари орқали аниқланади.

Оралиқ баҳолаш (ОБ) - семестр давомида ишчи фан дастурининг тегишли (фаннинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

Якуний баҳолаш (ЯБ) - семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) муайян фан бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларнинг талаба томонидан  ўзлаштириш даражасини аниқлаш тури ҳисобланади.

Талабалар ўзлаштиришини баҳолаш ёзма иш шаклида ўтказилганда:

ёзма ишнинг мазмуни мантиқий баён этилганлиги;
савол ва топшириқларнинг ечимига янгича услубда ёндашилганлиги;
ёзма ишни хато ва нуқсонсиз бажарилганлиги эътиборга олинади.

Тиббиёт олий таълим муассасалари учун ОБ ва ЯБ клиник фанлар бўйича - ОSCE (объектив тизимлаштирилган клиник синов) ёки назарий фанлар бўйича - ОSE (объектив тизимлаштирилган имтиҳон), ёзма, оғзаки, тест ёки уларнинг комбинацияланган  шаклларида ўтказилади.

Талабаларнинг ҳар бир семестрда фанларни ўзлаштириши ҳар бир баҳолаш турлари бўйича: 5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли) ва 2 (қониқарсиз) кўринишида баҳоланади. 5, 4 ва 3 баҳолар ижобий ҳисобланади. Баҳолашда рақам ва матн бир хил талқин этилади.

Малакавий амалиёт, курс иши (лойиҳаси), фан (фанлараро) давлат аттестацияси, битирув малакавий иши, шунингдек магистратурада илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар ҳамда магистрлик диссертацияси бўйича талабалар ўзлаштириши ҳам юқоридаги баҳолаш турлари бўйича баҳоланади.