Чикаголик Томас — 54 ёшни қарши олган зобит. У Американинг Иллинойс штати маркази — Чикаго шаҳри Кук округи таркибига кирувчи қамоқхонада 15 йилдан бери ишлайди.  У озодликни юқори баҳолайди ва доимо қонун бузган фуқаро жазо олиш керак, деб ҳисоблайди. Америкалик қандай бўлиш керак деган саволимизга эса табассум билан “Америкалик америкалик бўлиш керак”, дея жавоб берди.

Сержант Томас

АҚШга сафаримиз чоғида биз журналистлар jail қамоқхонасига саёҳат уюштирдик. Мақсадимиз қамоқхона ҳаёти билан танишиш ва маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқлари қай даражада таъминланиши, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, тарбиялаш чоралари билан танишиш бўлди. Томас билан айни шу ерда учрашдик ва кичик суҳбат қилдик. Шу билан бирга, қамоқхона ҳаёти билан батафсил танишдик. Ўйлаймизки, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бирининг тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам керак бўлади.

АҚШнинг пенитенциар тизимига кирувчи жазо ўташ муассасалари икки турга бўлинади: jail ва prison. Jail — вақтинча сақлаш изолятори бўлиб, унда айбланувчилар суд жараёни тугагунига қадар тутиб турилади. Одатда бу муддат олти ойдан бир йилгача давом этади. Суд ҳукми ўқилгач, айбдор деб топилган киши prison’га олиб кетилади ва жазонинг қолган қисмини ўша ерда ўтайди. Биз ташриф буюрган муассаса қамоқхоналарининг jail турига мансуб эди.

Қамоқхона биноси

Иллинойс штатининг маркази — Чикаго шаҳри Кук округи таркибига киради. Ушбу округ вақтинчалик тутиб туриш қамоғи — Округ шерифи офисига қаровчи Cook County Jail мамлакатда бу турдаги энг йирик муассасалардан бири ҳисобланади. Бу ерда 6500 дан ортиқ маҳбус тутиб турилади. Шунингдек, 2100 киши уй қамоғида сақланиб, бевосита Cook County Jail томонидан назорат қилинади. Маҳбусларнинг каттагина қисми (аёлларнинг 60 фоизи, эркакларнинг 30 фоизи) ақлий ожиз бўлиб, улар кўчада сарсон юргани ёки майда безориликка қўл ургани боис олиб келинади ва даволанади.