Ўзбекистон | 21:08 / 23.08.2018
45276
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЙТҲ камайишига эришиш учун қанча қурбон керак?

​Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тахминан 1,25 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. 2017 йили ташкилот эълон қилган ҳисоботга кўра, 15-29 ёшлар орасидаги шахслар ўлимига олиб келувчи энг катта сабаб айнан автомобиль билан юз берадиган ҳодисалар ҳисобланади. 

Шунга кўра, бир қатор ривожланган давлатлар, хусусан Швеция, Австралия, АҚШ, Буюк Британия ва Канада мамлакатнинг «Хавфсиз йўл» миллий стратегиясини қабул қилган. Улар орасида Швеция ушбу ташаббусни 1997 йилда қўллаб-қувватлаган илк давлат саналади. Натижа қандай? Масалан, ўтган йили 8,1 миллион киши истиқомат қилаётган Лондон шаҳрида 11 минг ЙТҲ қайд этилган бўлиб, унда 8 киши вафот этган. 

Ўзбекистон автомобиль йўлларида эса бир ҳафтада (19 август ҳолатига кўра) жами  173та​ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада ушбу ҳодисаларда 46 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 166 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Лондондан расман уч марта кам аҳоли яшайдиган Тошкент шаҳрида 7 кун ичида 3 киши ЙТҲда ҳалок бўлди. 

Менимча, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга арзигулик сабаблар талайгина: ЙТҲда вафот этаётган фуқаролар ва унда иштирок этаётган ҳайдовчилар масаласи анча жиддий мавзуга айланди.  Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов ҳам ЙТҲга учрагандан сўнг, савол туғилади: муаммо қаерда? ЙҲХБ ходимидами? Ҳайдовчида ё унга гувоҳномани қўлига тутқазиб юборган муассасадами? Балки, муаммо ҳаракат иштирокчиси эканини унутиб қўйган пиёданинг бўйнидадир?

Рақамларга мурожаат қилсак, ҳар йили содир бўладиган ЙТҲ оқибатида тахминан 50 миллион шахс тан жароҳат олиши айтилади. Бу соҳада ижобий натижага эришиш учун муаммони кимнингдир чўнтагидан қидириш самара бермайди. Фақат жамоат ҳуқуқшунослиги ва кишиларнинг йўл ҳодисасига муносабати ўзгариши билан  бу масала яхши тарафга юз буради. 

Айни пайтда Ўзбекистон йўлларида кузатилаётган транспорт билан юз бераётган кўнгилсиз ҳодисаларга нималар сабаб бўлмоқда? Аввало, бу саволга жавоб топиш учун ҳайдовчиларнинг фикрини ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилиш мумкин: 

- йўлдаги ҳаракат белгиларининг номувофиқ ўрнатилиши, тақиқ ва чеклов функциясига эга белгиларнинг ҳаддан зиёд ортиқча кўпайиб кетгани;

- кўчаларнинг номи аниқ кўрсатилмагани ҳаракатланишда ортга қайтиш, манзилни аввалдан режалаштиришга имкон бермаслиги;

- ЙҲХБ ходимлари томонидан тирбандлик доимий жиловланмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани;

- пиёдаларнинг элементар йўл-ҳаракати қоидаларини менсимай, машиналар учун светофорнинг яшил чироғи ёнганда ҳам ҳаракатда давом этиши;

- мақсад жазолаш эмас, балки тартибга чақириш, ҳар бир қоидабузарлик ҳолатида инсон омилининг аралашувини инобатга олиб иш тутиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Албатта, ҳайдовчилар нигоҳида барча муаммо машинанинг ташқарисида юз бераётгандай, шунга кўра биз пиёдалар фикрини ҳам тўплашга ҳаракат қилдик. Уларнинг фикрича:

- светофорнинг қизил чироғига яқинлашган машинанинг ҳаракатдан тўлиқ тўхтамай, оҳиста юриб келиши;

- имконияти чекланган шахслар учун йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишда махсус белгиларнинг кам ўрнатилиши, улар учун инфратузилма шароити яхши эмаслиги;

- ЙҲХБ ходими, махсус кузатув камераси ёки радар кўринмаган йўлда ҳайдовчининг қоида бузишга мойил бўлиши;

- пиёдалар ўтиш йўлаги аҳолининг реал талаби ва ҳаракатланишнинг табиий шароитига кўра ташкил этилмаслиги кўплаб ЙТҲга сабаб бўлмоқда. 

Масаланинг энг оғриқли нуқтаси сифатида бир нарсани билдириб ўтиш лозим:  2017 йил 11 июлда Президентнинг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Аллақачон 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси эълон қилинган. Бироқ, ҳукумат аъзолари ичида бўлган кортежни ҳам ЙТҲдан сақлаб қололмаган концепция амалда нақадар самара бермоқда? ID картанинг жорий этилгани-ю, фоторадарнинг кўпайиб олганини ҳисобга олмасак, хушхабардан дарак йўқ.

Айни пайтда парламент аъзоларига ҳам мурожаат қилсак, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш пайти келмадими?
Инновация ва технологиялар даврида содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида электрон протоколларни расмийлаштириш тартибини амалиётга олиб кириб, пиёдалар ҳаракатни тўхтатиши ва бошлаши тўғрисида огоҳлантиришнинг замонавий сигнал берувчи тизимларини жорий этиш айни муддао бўлади.

Умумтаълим мактабларда “Йўл ҳаракати қоидалари” дарсини таъсирчан шакллар билан интерфаол услубда ўтиш, шунинг билан аҳоли орасида қоидабузарликка муросасиз муносабатни шакллантириш зарур. 

Бу йўналишда айниқса, йўл-патруль хизмати куч ва воситаларини оқилона тақсимлаб, орган ходимларининг фуқаролар билан муомала қилиш маданиятини кескин ошириш талаб этилади. Бу ўринда нафақат муомала, балки ҳуқуқий маданият ҳам юксак бўлиши зарур. 

Маст ҳолда машина бошқарувига ўтирган шахс ёхуд тегишли ҳужжатларсиз ноқонуний равишда автомобиль бошқаришга уринган "ҳайдовчи"ларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши ижобий натижа бериши мумкин. 

Хулоса ўрнида яна бир воқеалар кетма-кетлигини қайта ёдга олиш керак, деб ўйлайман. Масалан, мажбурий меҳнат масалага нуқта қўйиш учун ўқитувчи Диана қурбон бўлди, ИИВ тизимида бошланган ислоҳотга каттақўрғонлик "опер" ва у таҳқирлаган аёл воқеаси катта туртки берди. Аммо, актриса Фарангиз Ражеметованинг ЙТҲда ҳалок бўлиши, бунинг устига ўнлаб фуқароларнинг ҳар ҳафта вафот этиши, ҳатто ҳукумат кортежининг ЙТҲга учраши ҳам айни масалага нуқта қўймаяпти.

Мавзуга оид