Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгашида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ва «Халқ» банки, «Ипак йўли» банки, «Миллий» банки ҳамда «Ҳамкорбанк» акциядорлик тижорат банки ўртасида бош келишув имзоланди.
Ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганидан сўнг, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ОАВ вакиллари, ёш тадбиркорлар ва ёшлар қатнашди.

Тадбирда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг ижро этувчи директори – Бунёдбек Баҳромбеков, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим мудири – Ҳакимжон Абдуллаев, «Ипак йўли» АТИБ бошқарув раиси – Музаффар Сафаров, АТ «Халқ банки» бошқарув раиси ўринбосари – Низомиддин Аббосов, ТИФ «Миллий банк» бошқарув раиси ўринбосари – Аброр Мухаммедхонов, «Ҳамкор банк» АТБ бошқарув раиси ўринбосари – Алишер Мирзаев спикер сифатида фикр билдиришди.

Анжуман давомида Бунёдбек Баҳромбеков ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, ишсиз ёшларни мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмалари бўйича ўқитишга доир амалга оширилган чора-тадбир ва ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот бериб, штаб фаолиятини сарҳисоб қилди.

Унга кўра, жорий йилнинг 9 июль кунидан бошлаб ҳудудларда 140 нафар Республика идоралари вакилларидан иборат 14та ишчи гуруҳлари ҳудудий штаблардаги фаолиятининг мақсад-вазифалари, ўрганишлар, амалий кўмаклар ва эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Барча туман(шаҳар) маҳаллалари кесимида 51030 нафар маҳаллий депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва «Фидойи ёшлар» отрядларидан иборат 4861та кичик гуруҳлар тузилган. Уйма-уй юрилиб, ёшлар билан сўровлар ўтказиш, уларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиш, ҳудудга «диагноз» қўйиш ишлари олиб борилди.
















