Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 3-бўлим билан тўлдирилди:

«3. Йўқотилган паспорт ўрнига паспорт бериш

351. Фуқаро паспортини эҳтиёт қилиб сақлаши шарт.

Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро зудлик билан доимий рўйхатда турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомиллар ўтказилганидан кейин унга ушбу Низомда назарда тутилган тартибда янги паспорт берилади.

Вақтинча хорижда бўлган фуқаролар паспортини йўқотган, паспорти яроқсиз ҳолга келган ёки унинг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат этадилар.

352. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг паспортини ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатини йўқотганликлари ҳақидаги аризалари бўйича ички ишлар органлари томонидан тегишинча мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларга мувофиқ белгиланган шаклдаги маълумотнома берилади, маълумотноманинг орқа томонига доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги тўғрисида штамп қўйилиши мумкин. Маълумотнома ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан берилади.

З53. Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади.

354. Республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш жойига келган ва янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олингунга қадар паспортини йўқотиб қўйган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг аризаларига кўра ички ишлар органлари томонидан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш очилади. Паспортлар фуқаро доимий яшаш мақсадида келган жойдаги ички ишлар органлари томонидан уларни рўйхатга қўйиш асослари мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олишга асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда паспорт олиш тўғрисидаги ариза рад этилади. Бундай ҳолларда паспорт рўйхатдан чиқишни бекор қилган ҳолда фуқаронинг олдинги рўйхатдан ўтган жойидаги ёки рўйхатга қўйишга асослар мавжуд бўлганда бошқа янги рўйхатдан ўтиш жойидаги ички ишлар органи томонидан берилади.