Самарқандда Қатағон қурбонлари хотираси музейи очилди
Самарқанд давлат университетида Қатағон қурбонлари хотираси музейи очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Б.Ҳасанов, вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов ва бошқалар иштирок этди.
– Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилганлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг халқ ва Ватан келажаги йўлидаги жасорати, ҳақида ёш авлодга таъсирчан маълумотлар етказиш энг муҳим вазифамиз ҳисобланади, – дейди Самарқанд давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Суюн Каримов.
Музейни ташкил этишда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулқодир Шакурий, Садриддин Айний, Саидаҳмадхўжа Сиддиқий Ажзий, Ҳожи Муин Шукрулло ўғли, Саидризо Ализода ва бошқа маърифатпарвар, халқпарварларнинг эл-юрт озодлиги, халқни маърифатли қилиш борасидаги заҳматли меҳнатлари ҳақида кенг маълумотлар тўпланди. Тарихий ҳужжатлар, ашёлар жамланиб, музейдан ўрин олди.
Музейда “Ўрта Осиё (Туркистон)нинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг бунга қарши кураши, Самарқанднинг босиб олиниши (1868-1900)”, “Миллий уйғониш ҳаракати, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналишлари (1901-1917)”, “1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар”, “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991 йилдан кейинги давр)” каби саккиз бўлим мавжуд.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024