Бугун, 7 сентябрь куни Теҳрондаги саммитда Россия, Эрон ва Туркия президентлари Суриянинг Идлиб вилоятидаги қуролли можарони ҳал этишга ҳаракат қилиб кўришади. Башар Асад армияси Россия ва Эрон кўмаги билан бу ҳудудга бостириб киришга ҳозирланмоқда, Туркия эса бундай ҳарбий амалиёт бошланишига қарши чиқмоқда.

Айни вақтда Башар Асад ҳарбийлари Фротдан ғарбда жойлашган, мухолифат назоратида қолаётган бу охирги вилоятга яқинлашиб келмоқда. Ҳужум бошланиши ҳақида икки ҳафта муқаддам илк хабарлар тарқалганди. Лекин ҳозирча бу қонли амалиёт бошланганича йўқ. Таҳлилчиларнинг фикрича, бунга Туркиянинг позицияси сабаб бўлмоқда.

Идлиб Сурия шимоли-ғарбида жойлашган ва Туркия билан умумий чегараларга эга ҳисобланади. 2017 йил сентябрида Туркия, Эрон ва Россия ўртасида тузилган келишувга кўра, айнан Туркия ушбу ҳудуддаги хавфсизлик учун кафил давлат этиб танланган. Ўшанда Суриянинг бошқа ҳудудларидаги мухолифатчилар оилалари билан бирга шу ҳудудга кўчирила бошланганди.

2017 йилда белгилаб олинган 4та деэскалация зонасидан 3тасида Башар Асад армияси назорат ўрнатиб бўлди, энди Идлиб мухолифат қўлида қолаётган ягона вилоятдир.

Идлибга ҳужум ғарб давлатлари ҳамда БМТнинг қаршилигига ҳам дуч келган. БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стефан де Мистура эҳтимолий ҳужум ортидан ҳудудда йирик гуманитар инқироз юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Туркия нимадан қўрқади?
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли шу ҳафтада Идлибга ҳужум минтақада гуманитар вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини айтиб ўтди. У Туркия Теҳрон саммитида бу ҳудудда ўт очишни тўхатиш бўйича эришилган сулҳ бузилмаслигига эришиш учун ҳаракат қилишини билдирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия авиациясининг 4 сентябрь куни Идлибдаги ҳужумидан сўнг Туркия томони Россияга бу ҳужум хато бўлганини уқтирган.

Туркия бу вилоятда вазият беқарорлашуви ортидан ўз ҳудудига яна юз минглаб қочқинлар кириб келишидан хавфсирайди. Айни вақтда Идлибда 3 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Бундан ташқари, расмий Анқара чегара ҳудудида жойлаштирилган ва Сурия озодлик армияси жангчилари билан ҳамкорликда курдларга қарши ҳужумлар учун ташкил этилган плацдармлари хавфсизлиги ҳақида ҳам қайғурмоқда.

«Музокаралар столида Туркия дипломатик қудратини намойиш этиши ва Идлибда тинчлик сақлаб қолинишига эришмоғи лозим», деганди Човушўғли Теҳрон саммити арафасида.