00:54 / 09.09.2018
98184

Дипломатия талабалари раҳбарият қароридан норози бўлмоқда

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети айрим талабалари янги ўқув йилида олийгоҳда ўқишни давом эттириш учун қарийб 22 миллион сўм миқдорида белгиланган тўлов-шартномасини тўлай олмаслигини билдирмоқда. KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилган бир гуруҳ талабалар интернетда #dipkontraktdown ҳештиги орқали ўз норозиликларини намоён этяпти. 

- Контракт миқдори дастлаб 11 миллион сўм этиб белгиланганди. Бу миқдор Ўзбекистондаги энг юқори қийматли контракт тўлови ҳисобланади, - дейди талабалардан бири. -  Август ойининг охирларида бу қиймат 22 миллион сўмга оширилгани ҳақда қарор чиқарилди. Афсуски, тўловни университетда таҳсил олаётган талабаларнинг аксарияти тўлай олмайди. Биз ҳозир нима қилишни билмай турибмиз. 

- Бу қарор талабалар шароитидан келиб чиқиб ўзгартирилмагунча, биз ўз ҳаракатимиздан тўхтамаймиз, - дейди талабалардан яна бири.

Масаланинг ҳуқуқий асосларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.06.2018 йилдаги “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3795-сонли қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Tашқи ишлар вазирлигига ҳар йили университетда тўлов-контракт асосидаги бакалавриат ва магистратурада таълим олишнинг қийматини тегишли йўналиш ва мутахассислик бўйича республика таълим муассасалари учун белгиланганидан 3 баравар ошмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи тақдим этилди.

Кўриниб турибдики, бу борада амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилмаган, университет маъмурияти ваколат доирасидан четга чиқмаган.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ЖИДУнинг бакалавриати (22,1 миллион сўмгача) ва магистратурасида (24,3 миллион сўмгача) тўлов-контракт асосида таълим олиш икки баробарга оширилди. Билдирилишича, ЖИДУга жиддий иқтисодий-молиявий харажатларсиз янги авлоддаги илмий-маърифий ва тарбиявий ишлар ҳақида гапириб бўлмайди.

Ушбу вазифаларнинг бажарилиши ҳам давлат ресурслари, университетнинг бюджетдан ташқари маблағларини оптималлаштиришни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, тўлов-контракт асосида ўқиш нархининг ошиши «янги шароитда университет фаолиятини таъминлашнинг муҳим талабларига жавоб беради».

Университетнинг тубдан қайта қуриш жараёни аллақачон бошланган, дея маълум қилишди ЖИДУдан.

Европа Иттифоқи статистика хизмати, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳамда бошқа миллий статистикларнинг 2017 йил якунларига асосланган маълумотларига кўра, Ўзбекистон турли давлатлардаги ўртача маошлар миқдори бўйича рейтингда 118-ўринда қайд этилган. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ўртача маош миқдори 235 долларга тенг. 

Тахминан 1,9 миллион сўм ойлик маош олувчи ота фарзандининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тўлов-шартномаси асосида ўқиши учун 12 ой даромадларининг барчасини олийгоҳ ҳисобига ўтказиб юбориши лозим. Бунда, оиланинг бошқа харажатлари, хусусан солиқ, коммунал, алоқа ва соғлиқни сақлаш учун сарфланадиган тўловлари инобатга олинмаган. 

Top