Марғилон: Атлас байрами доирасида ЮНЕСКО халқаро экспертлари учрашуви бўлиб ўтди
Шаҳрисабздаги Халқаро Мақом форумининг сеҳрли садолари жаранг сочишни тўхтатиши биланоқ ёрқин тадбирлар эстафетаси Марғилон шаҳрига ўтди. 14 сентябрь куни Ипак юртида тантанали равишда "Атлас байрами" анъанавий фестивалига старт берилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Миллий PR-марказидан KUN.UZ'га хабар берилишича, фестивалнинг расмий очилиш маросимида ЮНЕСКОнинг 15 мамлакати делегацияси вакиллари ва халқаро мутахассислар иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатнинг барча минтақалари ҳунармандларига фахрий ёрлиқ ва сертификатлар топширилди.
Фестиваль доирасида шунингдек Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос илғор амалиёт реестрига қўшилиши ҳақидаги сертификатини топширишга доир расмий маросим бўлиб ўтди.
Ёш ҳунармандлар учун маҳорат дарслари ва тренинглар, фольклор мусиқий жамоаларнинг чиқишлари ва халқ сайлларини ўз ичига олган Атлас байрами Марғилонда 2015 йилдан буён ўтказиб келинади.
Фестивалнинг асосий мақсади бой номоддий маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш, уни ўсиб келаётган авлодга етказиш, шунингдек Ўзбекистоннинг анъанавий ҳунармандчилигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдан иборат. Тадбир анъанавий маҳсулотлар сифати ва дизайнининг ошишига ҳисса қўшиб, сайёҳларни мазкур минтақага жалб қилиш йўлида хизмат қилади.
ЮНЕСКОнинг "Буюк Ипак йўли бўйлаб ўзаро маданий алоқаларнинг интерактив атласи" лойиҳаси доирасида Марғилонда экспертларнинг "Мусиқа, чолғу асбоблари ва тўқимачилик маҳсулотлари" мавзуидаги икки кунлик анжумани ўтказилди.
Шарқ мавзуси Франция, Испания, Хитой, Индонезия, Камбожа, Туркия, Мадагаскар, Қозоғистон ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатлар делегациялари вакиллари ва мутахассисларини бирлаштирди.
Фестивалнинг расмий очилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч сўзга чиқиб, Буюк Ипак йўлида анъанавий санъат ва ҳунармандчиликнинг сақланиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Аксарият ҳолатларда ишончсизлик ва сабрсизлик билан характерланувчи замонавий дунёда Ипак йўллари узоқ муддатли мерос ва алоқаларнинг ибратли намунаси бўлиб хизмат қилади. Ўзаро маданий алоқаларни чуқур англаш халқаро муносабатлар, тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
ЮНЕСКО айнан шундай мақсадларда ахборот ва коммуникацион технологияларни қўллаб, Буюк Ипак йўли бўйлаб ўзаро маданий алоқаларнинг интерактив атласини ишлаб чиқмоқда. Бунга қадар бу масалалар Пекин, Париж ва Мўғулистонда муҳокама қилинган.
Мавзуга оид
19:28 / 11.10.2024
Alfraganus университети ЮНЕСКОнинг 10-Таълимда тадбиркорлик APEID Кенгаши йиғилишига мезбонлик қилди
19:25 / 26.09.2024
ЮНЕСКО Ўзбекистондаги Ғарбий Тян-Шан экотизимига хавф солаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантирди
20:58 / 19.09.2024
Марғилонда “Атлас байрами” халқаро фестивали бошланди
08:40 / 25.07.2024