Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса - халқ дардини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этишдир. Бу эса халқ манфаати барча нарсадан устун деганидир.

Шу боис юртимизда сўнгги йилларда бу борада катта ўзгаришлар юз бергани бор гап. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга электрон мурожаат қилиш имкониятлари яратилди. «Ишонч телефонлари» самарадорлиги оширилди. Интернетнинг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда мансабдор шахслар ижтимоий тармоқларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйди.

Айни вақтда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш, муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда ва бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Бу халқ манфаати учун амалга оширилаётган чора-тадбирлардир. Аммо асоссиз шикоятлару мурожаатлар ҳам учраётгани ва кўпаяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, мурожаат ва шикоят қилишга ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақи бор. Ҳеч ким буни чеклай олмайди. Лекин баъзи меъёрларни унутмаслик керак.

«Ёзавераман, ёзавераман...»

Яқинда касбимиз тақозоси билан шикоят хатини ўрганиш юзасидан бир маҳаллага бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчилик кенгаши аъзолари, фаоллари маҳаллада турли келишмовчиликлар юзага келаётгани, муҳит бузилишига бир шикоятчи сабаб бўлаётганини билдиришган.

Ўрганишимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаролардан бири оиласи учун моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилади. Белгиланган меъёр ва мезонларга тўғри келмагани учун маҳалла қошидаги комиссия йиғилишида ариза рад этилади. Ҳаммаси шундан бошланади.

Мақсади ҳосил бўлмаган фуқаро бу борада бошқа ташкилотларга шикоят қилади. Мутасаддилар томонидан вазият бир неча бор ўрганилади ва тўғри рад этилгани ҳақида хулоса қилинади. Фуқаро эса ариза ёзишда давом этади. Турли ташкилотлар, Халқ қабулхонасига бу масалада шикоят хати беради ва комиссия аъзоларини ноҳақликда айблайди. Такрорий ўрганишлару шикоятлардан чарчаган маҳалла фаоллари охир-оқибат фуқарога моддий ёрдам беришга мажбур бўлади.

Аслида-чи? Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, моддий ёрдам олаётган оилада эр ҳам, хотин ҳам олий маълумотли. Яхши касбларнинг мутахассислари. Эр давлат ташкилотида ишлайди. Каттагина томорқаси бор. Бир нафар ёш фарзанди борлиги туфайли турмуш ўртоғи вақтинча ишламайди. Ҳаммасини белгиланган меъёрларга қўйиб, аризани рад этган комиссия аъзолари эса балога қолади. «Келинглар, шу тинчисин» қабилида «амаллаб» моддий ёрдам кўрсатишади. Андиша қилишади.