Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида жойлашган Pimco инвестицияларни бошқариш компанияси​ ​ижрочи вице-президенти, ўзбекистонлик Бердибек Ахмедов халқаро облигация ва валюта портфеллари бўйича ўз билимларини Kun.uz билан ўртоқлашиб, валюта захира​ларини сақлаш ва бошқаришнинг турли услублари​ ҳақида маълумот берди.   

«Жаҳондаги етакчи, ривожланган ва ривожланиб келаётган давлатларда валюта захира​ларини сақлаш ва бошқаришнинг турли услублари ҳақида ўз фикримизни билдирмоқчимиз. Захира​ларни бошқаришда уларнинг қийматини сақлаш ва ликвидлигини таъминлаш энг устувор талаб эканлигини ҳам назарда тутамиз. Умид қиламизки, бизнинг ўз тажриба ва билимларимизга асосланган фикрларимиз ватанимизнинг валюта захира​ларини сақлаш ва бошқариш учун фойдали бўлади. Аввалдан таъкидлаш муҳимки, бу мақола орқали биз ўзимиз фаолият юритаётган ташкилотларни тамсил этмаймиз»​, деб ёзади Ахмедов.

Бердибек Ахмедов

1) Валюта захира​ларини чет эл тижорат банкларида муддатли омонат тарзида сақлаш;

Бу услуб энг оддий, энг кам ҳаракат талаб қиладиган омонат сақлаш тури ҳисобланади. Унинг асосий афзалликлари - чет эл тижорат банкларида ҳисоб рақами очишнинг осонлиги ва исталган вақтда маблағларни фойдаланишга тайёрлигида, яъни ликвидлигидир. Аммо, бу услуб дунёда валюта захира​ларини сақлаш ва бошқаришнинг энг кам ишлатиладиган йўли ҳисобланади. Бунинг иккита асосий сабаби бор.

Биринчидан, омонатлар муайян тижорат банкнинг ёки банкларнинг кредит рискидан холи эмаслиги.

Бу риск 2008-2009 йилларда юз берган жаҳон молиявий инқирози ва 2011-2012 йиллардаги Европа Иттифоқида молиявий ва суверен инқирози пайтида яққол намоён бўлди. Банкларнинг молиявий соғлигига путур етиши (банк активларининг нархи пасайиб кетиб, муассаса мижозлари олдида қарзларини ёпа олмаганликлари ва банкларнинг капитали бозорларидан маблағ олиш ставкалари кескин ошиши) оқибатида уларнинг баъзилари банкротлик даражасига яқин келиб қолди.

Бунинг оқибатида, Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2006 йилдан 2018 йилгача бутун дунё бўйича марказий банк умумий валюта захира​ларини тижорат банкларидаги омонати улуши 15 фоиздан 3 фоизга тушди. Яъни, ҳозирги кунда, умумий захира​ларнинг фақат 3 фоизи тижорат банкларида муддатли омонатларда сақланади.