Жамият | 21:10 / 01.10.2018
75388
15 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят газ идорасидаги жанжал: мажлисда нималар бўлган эди?

Самарқанд вилоятининг газ таъминоти бўйича бош идораси — «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Ўзтрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалидан тарқалган аудиоёзув айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Унда вилоят филиали бошлиғи ўринбосари Акбар Баҳриевнинг йиғилишда айрим ходимларни ҳақоратлагани, унга жавобан ҳам ҳақоратлар ёғдирилгани акс этган.

«Kun.uz» ушбу ҳодиса юзасидан журналистик суриштирув ўтказди ва мазкур воқеага асос бўлган вазиятни ўрганди. Мазкур суриштирувда барча томонни эшитишга, улар айтмоқчи бўлган гапларни олиб чиқишга ҳаракат қилдик.

Ўзи нима воқеа рўй берган эди?

Шу куни (5 сентябрда) «Ўзтрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалида бўлим бошлиқлари ва ходимлар иштирокида филиал раҳбари Шукурулло Маҳмудов, унинг биринчи ўринбосари Акбар Баҳриев ва бошқа ходимлар устидан филиалнинг шартномалар бўлими муҳандиси Ботир Тўраев томонидан президентга ва бошқа инстанцияларга йўлланган шикоят муҳокама қилинган.

Албатта, аудиоёзувни бу ерда келтириб бўлмайди. Жуда қўпол сўзлар ишлатилган, муштлашувга айланиб кетаёзган жанжални ходимлар босди-босди қилишган ва алал оқибатда мажлисда қарор қабул қилинган. Бу ҳақида қуйида батафсил тўхталамиз.

Акбар Баҳриев «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувлар монтаж қилинганини айтиб ўтди. Бироқ таҳририят ихтиёрида узлуксиз ёзилган, монтаж қилинмаган 1 соату 40 дақиқалик аудио ҳам бор: монтаж қилиш давомида А.Баҳриевнинг сўкинишлари бўрттирилган. Мажлисда бўлиб ўтган бошқа нейтрал гап-сўзлар ва чиқишлар қирқиб ташланган.

Шикоят хатида нималар ёзилганди?

Шикоят хатида филиал бошлиғи Шукурулло Маҳмудов муаллиф томонидан коррупцияда айбланади. Муқаддам «Ўзтрансгаз» АК бошқаруви раиси бўлиб ишлаган ва 2016 йилнинг 23 декабрида лавозимидан озод этилиб, «Марказгазтаъминот» УКга директор этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

Қайд этиб ўтиш керакки, бундай мазмундаги шикоят хати биринчи марта йўлланаётгани йўқ. «Kun.uz» худди айнан шу мазмундаги шикоят хатига имзо қўйган камида икки киши билан суҳбатлашди ва уларнинг кўрсатмасига асосан бу ёза-ёзларнинг ортида вилоят газ таъминоти корхонасининг собиқ директори турганига ишонч ҳосил қилди.

Акбар Баҳриев ким?

Асли касби молиячи бўлган Акбар Баҳриев 2016 йилнинг 11 апрелида «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси «Самарқандшаҳаргаз» филиали бошлиғи вазифасига тайинланади. Унгача қарийб 7 йил давомида Самарқанд шаҳар «Сувоқова» ишлаб-чиқариш давлат корхонаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Шикоятда А.Баҳриев газ соҳасини тушунмаслиги, бу соҳага ёт инсон эканлигига урғу берилади ва соҳага «Сувоқова»дан ўзига тегишли одамларни ишга қабул қилгани ёзилади.

Тарихга бироз мурожаат қилайлик

А.Баҳриев Самарқанд шаҳар газ корхонасига раҳбар бўлиб тайинлангунча аҳвол қанақа эди?

Унгача тўққиз ой мобайнида Самарқанда шаҳар газ идорасида уч марта раҳбар ўзгаради. А.Баҳриев раҳбар этиб тайинлангач, қатъият билан соҳадаги камчиликларни бартараф эта бошлайди.

А.Баҳриев бизга тайинланиши ҳақида шундай ҳикоя қилиб берди:

«Мен «Сувоқова» корхонасида ишларни жойига қўйиб ишлаётган эдим. Бу ерга келиш хаёлимда ҳам бўлмаган. Ўша пайтдаги шаҳар ҳокими А.Шукуров чақириб, шаҳарда аҳолини газ билан таъминлаш ва унинг пулини йиғиш ҳукумат селектор йиғилишида қаттиқ танқид остига олингани, бу ерда тартиб ўрнатиш кераклигини тушунтирди ва бу ишни менга ишониб топширишини айтди. Мен 2016 йил 31 март куни «Сувоқова» раҳбарлигидан кетиш ҳақида ариза ёздим. 1 апрель куни келиб «Марказгазтаъминот» УКга ариза топширдим. Лекин ўша пайтдаги кадрлар бўлими бошлиғи очиқчасига бу лавозим фалон доллар туришини, усиз ишга қабул қилинмаслигимни айтди. Мен 10 кун индамай юрдим. Шаҳар ҳокими алоқага чиқиб нега ишга чиқмаётганлигимни сўради. Вазиятни унга тушунтирдим. Сўнг мени шаҳар ҳокими, прокурор ва ИИБ бошлиғи шахсан келиб, жамоага таништириб лавозимга тайинлаб кетган».

А.Баҳриев ишни фуқаролар ҳисобида пайдо бўлаётган асоссиз қарзларни бартараф этиш ва бунга йўл қўяётган корхонадаги нопок ходимларни аниқлаб, ишдан бўшатишдан бошлайди. Бошқа ходимларга сабоқ, фуқароларга маълумот бўлиши учун ишдан бўшаган, бироқ фуқаролардан пул йиғишда давом этаётган ходимларнинг суратлари шаҳар газ идораси кириш эшигига осиб қўйилади.

2016 йил 1 апрелдан август ойига қадар асоссиз ҳисобланган қарздорлик бўйича 1640та шикоят аризаси ўрганиб чиқилади ва уларнинг квитанцияси билан таққослаб чиқилиб, аслида фуқаролар қарздор эмаслиги аниқланиб, уларнинг зиммасидаги тўловдан соқит этилади.

«А.Баҳриев тайинлангунга қадар, ҳисоботларга кўра 10 фоиз газ истеъмоли юридик шахсларга, 90 фоизи эса аҳоли ҳиссасига тўғри келаётган эди, — деган бош ҳисобчи К.Алланазаров. — Аслида эса бу улуш 40 фоизга 60 фоиз атрофида бўлган».

Кўряпсизми, аҳолида дебитор қарзнинг кўпайиши илдизи қаерда бўлган? Иссиқхоналар ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар, турли цехлар ва ошхоналар ёқаётган газ нотўғри ҳисобланган, улар истеъмол қилаётган газнинг пули эса аҳолига ёзиб юборилаверган.

«Олдинги раҳбарларлар нега уч ой, олти ой ишлаб, этагини йиғиштиришган, биласизми? Мен раҳбар бўлганимдан сўнг иссиқхоначилар келиб, тўғридан-тўғри пора таклиф қилишди. «Уч ой сезонда бизга индаманг, 10 киши 10 мингдан 100 минг доллар йиғиб берамиз», дейишди очиқчасига. Бундай корхоналарнинг барчасининг иши прокуратурага оширилди», — деди А.Баҳриев.

«Коррупцион схема қандай ишлаган, биласизми? Ишлаб чиқарувчи ва умумий овқатланиш корхоналаридан газ истеъмоли учун тўлов чўнтакка урилган. Сиз келасиз — хонадонингизда ёққан газингиз учун бўйнингизда 2 миллион сўм қарз бор. Кимнингдир ойлигидан ё корхонасидан ўтган пули ҳисобига тушмасдан осилиб турибди. Сизга 500 минг сўм эвазига қарзни тўлиқ ёпишни таклиф этишади. Сиз, албатта, рози бўласиз. Бояги, осилиб турган пуллар кўз ўнгингизда сизга ёзилади. Кейинроқ бояги туширилган пулнинг эгалари келишади. Сизнинг ҳисобингиздан олиб, пулни эгаларига қайтаришади. Сиз 500 минг сўм бергансиз, бироқ давлатга 1 сўм ҳам ўтмаган ва 2 миллион сўм қарзлигингизча қолаверасиз», — деб тушунтирди А.Баҳриев.

Вилоят газ идорасида аҳолининг суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар билан таъминланиши учун А.Баҳриев жавобгар саналади.

«Kun.uz» Иштихон туман газ идорасида бўлиб, ишлар қандай йўлга қўйилгани билан қизиқди. Қайд этиш керак, аҳолига газ баллони 16 минг сўмдан ўз вақтида етказиб берилиши йўлга қўйилган.

«Илгари аҳоли учун мўлжалланган газ баллонлар ошхоналар ва бошқа жойларга ҳам сотиб юборилаверган. Туманлардан келган ходимларга битта фактура имзолатиш учун 100 минг сўм «ставка» қўйилган. Биз, айниқса, узоқ тумандан келувчи ходимлар бекорга ҳар куни сарсон бўлмаслиги, аҳолига газни тезроқ етказиб беришни ташкил қилиш учун фактураларни ҳафталик чиқариб бераяпмиз. Ҳар бир газ ташувчи машина ҳайдовчисининг 10та газ баллон «доля»си бўлган. Битта янги «Исузу» юк машинаси ҳайдовчиси бўлишнинг «нархи» 2000 доллар бўлган. Бу нарсаларнинг барчасига барҳам бердик. Узоқ йиллар шу идорада виждонан, ҳалол меҳнат қилиб келаётган ҳайдовчиларга янги машиналар бердик», — деди А.Баҳриев.

«Нега мажлисда «пулим кўп «любой» судни сотиб оламан», деб айтдингиз?», — дея савол бердик А.Баҳриевга.

«Биз олиб бораётган ўзгаришлар, албатта, шу ердаги айрим одамларга ёқмаётгани тайин. Улар аввал ҳам икки марта ёзиб, устимдан иш қўзғалишига сабабчи бўлишди. Биринчи марта шикоят ёзилганида прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, фактлар тасдиқланмади ва жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Иккинчи марта иш судгача борди ва суд залидан оқланиб чиқдик. Бизни эса прокуратура ва суд органларини «оғзини пул билан ёпганлик»да айблаб гап-сўз тарқатиб юришибди. Ўша куни мажлисда устимиздан шикоят қилаётган гуруҳга алоқадор шахслар ҳам ўтирган эди. «Ҳа, мани пулим кўп, любой судни сотиб оламан керак бўлса?» деб киноя ва заҳарханда оҳангида гапирган жойимни монтаж қилиб, икки марта кетма-кет ёзиб тарқатиб юборишган».

«Мен директор ўринбосари лавозимига шу йил июль ойида тайинланган бўлсам, аризачи Б.Тўраев унга қадар икки бор интизомий чора олишга улгурган. 6 апрелда унга «ҳайфсан» берилган ва 15 майда ўртача ойлик маошидан 30 фоизлик жарима қўлланилган. Барчасига сабаб ўзига бириктирилган вазифага панжа орасидан қарашидир», — деди А.Баҳриев.

Биз мазкур масала юзасидан Б.Тўраевнинг аризасида «жиноий гуруҳ аъзолари» сифатида кўрсатиб ўтилган филиалда ишловчи Муҳиддин Жўраев, Фурқат Қаюмов ва Дилшод Жўраев билан ҳам суҳбатлашдик.

Улар ҳам мажлисда бўлишганини, ўзларининг аризага нега қўшилгани ҳақида Б.Тўраевга берган саволларига ундан тайинли жавоб олишолмаганини айтишди.

Аризачи билан суҳбат

Биз шикоят аризаси муаллифи, мажлисда А.Баҳриев томонидан ҳақорат қилинган «Ўзтрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали шартномалар бўлими муҳандиси Ботир Тўраев билан суҳбатлашдик.

50 ёшни қоралаган мутахассис мажлисда сабаб-бесабаб ҳақорат қилинганидан жуда хафа, аудио билан ҳуқуқ тартибот органларига, албатта, мурожаат қилишини таъкидлаб ўтди.

«Мен мажлисда йўқ эдим бошида, лекин идорада эдим, пастда эшитиб ўтириб, орқамдан ҳақорат қилинаётганини сезиб юқорига чиқдим. 50 нафарга яқин одам ичида директор ўринбосари ҳақорат қила кетди. Барча гувоҳ. Менинг айбим — юз бераётган ҳақсизликларга чидай олмасдан, ҳақиқат талаб қилиб, шикоят аризаси ёзганим. Шу соҳада суяги қотган кўплаб мутахассислар турли важлар билан ишдан бўшатиб юборилди. Уларнинг ўрнига соҳадан мутлақо бехабар янги ходимлар олинди», — деди Б.Тўраев.

«Шикоят аризангизда келтириб ўтилган важларни илгари прокуратура ҳам ўрганиб чиққан экан-ку?» деганимизда, Б.Тўраев ҳуқуқ-тартибот органлари бу важларни етарли текширмаганини таъкидлаб ўтди.

«Айнан сиз ёзган шу мазмундаги аризалар аввал ҳам уюштирилгани, бироқ топширилмаганини қандай изоҳлайсиз?», деганимизда «Уларнинг журъати етмаган, мен эса улардан қўрқмайман, охиригача курашаман», деди Б.Тўраев.

«Нега интизомий жазо олгансиз?», деган саволга ҳам Б.Тўраев биринчисидан хабари борлигини, бироқ иккинчи — жарима интизомий жазоси унинг меҳнат таътили чоғида берилгани, нима сабабдан қўлланилганидан бехабарлигини маълум қилди.

Сўзи сўнгида Б.Тўраев Ш.Маҳмудов ва А.Баҳриев вилоят газ таъминоти идораси кенг қамровли коррупция ва таниш-билишчиликка йўл қўяётганини таъкидлаб ўтди. Газ идорасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган ходимлар сабаб-бесабаб ишдан бўшатиб юборилганини таъкидлади.

Раҳбарлар нима дейди?

«Ўзтрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали директори Шукурулло Маҳмудов бўлиб ўтаётган ҳодисалар юзасидан ўз фикрини қўйидагича ифодалади:

— Бир-икки кишининг фикри коллективнинг фикри бўла олмайди. Коллективимиздаги аксарият инсонлар Самарқанд вилоят газ таъминоти идорасида ҳалол меҳнат қилишни, корхонамизнинг республикада ўз ўрни бўлишини сидқидилдан хоҳлашади. Мен Самарқанд вилоятига нима мақсадда келганимни биламан — вилоятда халқни газ билан узлуксиз таъминлаш борасида қандай ёрдамим тегадиган бўлса, шу ишимда давом этавераман. Мен ўз ишим билан ортимдан Самарқандда яхши хотиралар қолдиришни истайман. Коллективда эса келгусида бундай сўкишишлар, ёза-ёзларга чек қўямиз, барча билан гаплашиб чиқдим. Барчасига ишимиз билан, кўрсаткич билан, фуқароларимизнинг розилиги билан жавоб берамиз.

«Kun.uz» Самарқанд шаҳрида газ таъминотининг сўнгги ойлардаги аҳволи борасида шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимовдан ҳам фикр олди:

— Шаҳримизда газ билан таъминлаш муаммоси деярли ҳал бўлган. Газлаштириш даражасини ошириш юзасидан сўнгги икки йилда катта ишлар амалга оширилди. Биргина 2017 йил давомида 44та маҳаллага янги газ қувури тортиб борилиб, 15 мингдан зиёд хонадоннинг бу борадаги муаммоси ҳал этилди. Табиий газ ҳажмини аниқ ҳисоблаш мақсадида 191та маҳалладаги газ тармоқлари берк тизимга ўтказилди ва ҳисоблагичлар ўрнатилди. Айни пайтда барча жойларда газ қувурлари реконструкция қилиниб, ўтказиш қуввати тартибга солиниб, бўяб чиқилмоқда.

«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов ҳам вилоятдаги газ таъминоти борасида сўнгги икки йилда амалга оширилган ишлар ҳақида фикрини билдириб ўтди:

— Газ таъминоти соҳасида ишлар самарали олиб борилаётганини шу ҳолат ҳам исботлаб турибдики, бу борада шикоятлар кескин камайди. Бизга ҳам қариялар бот-бот мурожаат қилиб туришарди. Бу масалада Шукурулло Маҳмудов билан кўп гаплашганман, жойларга бирга чиқиб вазиятни ўрганган пайтларимиз ҳам бўлган. Самарқанд шаҳридаги 25 йиллаб газ кўрмаган маҳаллаларга газ ўтказилди. Буларнинг барчаси вилоят ва шаҳарда шу соҳада виждонан меҳнат қилаётган раҳбар ва ходимларнинг меҳнати эвазига рўй берди, албатта.

Бироқ кимнингдир ҳуқуқига дахл этилдими, ҳақорат ёки туҳмат уюштирилдими, бунга албатта қонуний чора кўрилиши шарт. Жамоани ягона мақсад йўлида бирлаштириш, соҳада ўғрилик ва коррупция палак ёйиши, халқ хақига хиёнат этилишини бартараф этиш эса ҳар қандай виждонли, софдил раҳбарнинг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи керак.

PS: Бизга етказилган маълумотларга кўра, «Ўзтрансгаз» раҳбарияти қарори билан Акбар Баҳриев ишдан олинган.

 

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид