Вазир-инженер ёхуд Хитой электромобиль саноатининг “отаси”
Электромобиллар ишлаб чиқаришда энг таниқли шахс ким деганда ҳамма дарҳол Tesla асосчиси Илон Маскни эсга олади. Аммо бу соҳанинг ривожланишига таъсир кўрсатиш бўйича у Хитойнинг собиқ фан ва технологиялар вазири Вань Гандан ортда қолади.
Сентябрь охирида Bloomberg Вань Ган ҳақида катта мақола чоп этди ва уни Маск билан солиштирди. «Буюк пойга: келажак автомобилини излаб» китобида Леви Тиллманн Вань Ганни «Хитой электромобиль саноатининг отаси» деб атади.
«Хитой Вань Гансиз Ғарбни бу соҳада қувиб ўта олмасди», – деб ҳисоблайди Тиллманн.
Маданий инқилоб ва Audi
Вань Ган 1952 йилда туғилган. 16 ёшида уни Шанхайдан Шимолий Корея билан чегарадош қишлоққа жўнатиб юборишади. У бу ерда тракторларни тузатиш ва электр тармоқлари қуриш билан шуғулланади. Аммо у Хитойнинг йирик институтлари (Шимоли-шарқий ўрмон хўжалиги институти ва Тунцзи университети) ҳамда Германиядаги Клаусталь техника университетида таҳсил олишга эришади.
1991 йилда Вань Ган машинасозлик соҳасида даражага эришгач, унга немис автоконцернлари иш таклиф қилади. У Audi концернини танлайди. Ган Audi’да автомобилларнинг компьютер визуализацияси ҳамда ишлаб чиқариш технологияси билан шуғулланади, шунингдек, Audi A4 яратилишида иштирок этади.
863-дастур ва фан вазири
У Audi’да ишлаб юрган даврида Хитой делегациясини қабул қилади ва Хитой автосаноатини ривожлантириш учун янги технологияларни илгари суришга ҳаракат қилади. Делегатлар орасида ўша пайтда фан ва технологиялар вазири бўлган Чжу Лилань ҳам бор эди. Вань Ган уни ўз ғоялари билан қизиқтира олади. Уларнинг учрашувидан бир неча ой ўтгач, 2000 йилда у Хитой ҳукумати учун маъруза тайёрлайди. У маърузасида ҳаво мусаффолигини таъминлаш учун электр автомобиллар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга чақиради.
Вань Ган бу соҳани ривожлантириш мамлакатга хориж нефтига қарамликни пасайтириш ҳамда хориждаги ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашиш имкониятини беришини айтди. У шунингдек, Хитой компаниялари анъанавий машинасозликда япон, америка ва немис концернларига етиб олишга умид ҳам қилмасликлари кераклигини таъкидлади.
Унинг айтганларига қулоқ солишди. 2000 йил охирида ватанига қайтган Вань Ган Хитой технологиялари ва электромобиллар ишлаб чиқаришни ривожлантириши кўзда тутилган 863-давлат дастурининг етакчи мутахассиси этиб тайинланди. Орадан икки йил ўтгач у Тунцзи университети раҳбариятидан жой олди (2007 йилгача университет президенти бўлган) ва 2007 йилда фан ва технологиялар вазири этиб тайинланди.
Муваффақиятлар
Вань Ган 2018 йил мартгача вазирлик лавозимида фаолият кўрсатди. У бу даврда хитойлик инженерлар олдига Пекиндаги 2008 йилги Олимпия ўйинларига электроавтобуслар паркини яратиш ёки мамлакатдаги барча йирик шаҳарларни минглаб электромобиллар билан таъминлаш каби улкан вазифаларни қўйди. Бундан ташқари, ҳукумат электромобиллар ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари берди (имтиёзлар 2020 йилгача амал қилади) ҳамда бундай машиналарни сотиб олувчилар учун субсидиялар жорий этди. 2010 йилда битта машина учун субсидия миқдори 10 минг долларгача етказилди (натижада 2017 йилнинг ўзида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга 8 млрд долларга яқин маблағ сарфланди).
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида Хитойда электромобиллар бозорида катта сакраш амалга оширилди. Агар 2015 йилда мамлакатда 331 минггга яқин электромобиль сотилган бўлса, 2016 йилда 507 минг, 2017 йилда эса 600 мингдан ортиқ электромобиль сотилди – бу бутун дунёда сотилган электромобилларнинг ярмидан кўпроғи дегани. Келгуси йилда Хитойда бир миллионта, АҚШда эса 400 мингта электромобиль сотилиши кутилмоқда.
Ҳозирда бозорда Хитойда ишлаб чиқарилган 100дан ортиқ моделдаги электромобиллар сотилмоқда. АҚШлик инвестор Уоррен Баффет сармоя киритган заводлардан бири бўлган BYD эса Tesla’дан фарқли ўлароқ, анчадан буён даромад келтирмоқда.
Ганнинг технологияни ривожлантиришга уринишлари фақат электромобилларгагина таъсир қилмади. Хитой робототехника, қайта тикланувчи энергетика, юқори тезликдаги поездлар, маълумотларни қайта ишлаш технологияларига катта маблағ сарфламоқда. 2017 йилда Хитойнинг бу соҳадаги тадқиқот ва ишланмаларга харажати 279 млрд долларга етди – бу аввалги йилга нисбатан 14%га кўп.
Хитой шунингдек, 2017 йилда сунъий онг билан боғлиқ стартапларга сармоя киритиш бўйича ҳам АҚШдан ўзиб кетди. Жаҳон бўйича сунъий онг йўналишидаги стартапларга киритилган 15,2 млрд долларлик инвестицияларнинг 48%и Хитойга, 38%и Америкага тўғри келди. Бундан ташқари, Хитой 2010 йилдан буён ихтиролар учун патент олишга ариза бериш бўйича ҳар йили жаҳонда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Вань Ган вазирлик лавозимини тарк этишидан сал аввал Хитой 2050 йилга келиб «буюк технологик давлат бўлиши керак»лигини айтганди. Ҳаммаси шунга қараб кетмоқда.
Мавзуга оид
10:57 / 07.11.2024
АҚШда дунёдаги энг тезкор полиция машинаси тақдим этилди
09:55 / 06.11.2024
Кўп қаватли уйлар яқинида электромобилларни қувватлаш станциялари ўрнатилади
18:27 / 02.11.2024
Хитойда электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар ихтиро қилинди
08:10 / 31.10.2024