ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Самарқандда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди
Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс ЕИ шафелигида вилоятда амалга оширилган лойиҳалар билан танишиш учун Самарқанд шаҳрида бўлди.
Самарқандда айни пайтда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган икки йирик ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан бири Республика болаларнинг ижтимоий мослашув маркази билан ҳамкорликда 2014–2016 йилларда амалга оширилган «Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси бўлса, иккинчиси — Техник ҳамкорлик ва ривожлантириш бўйича агентлик АCTED (Франция) томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аёллар жамоатчилик ташкилотлари ролини кучайтириш воситасида аёллар ҳуқуқларини олға силжитиш» лойиҳасидир.
Элчи Эдуардс Стипрайс журналистлар ҳамроҳлигида, аввало, Самарқанд шаҳридаги 13-мактабда бўлди. Бу ерда инклюзив таълим бўйича мувофиқлаштирувчи мутахассис Раъно Халилова йиғилганларни лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар билан таништирди.
Жумладан, йиғилишда жисмоний имконияти чекланган болаларни соғлом болалар орасида ўқитишнинг руҳий ва илмий аҳамияти тўғрисида сўз очилди. Р.Халилова слайдлар воситасида Самарқанд шаҳрида бу йўлда эришилган ютуқлар ва дуч келинган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди. Энг муҳими, мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтиш учун нималар амалга оширилиши кераклиги ҳам айтиб ўтилди.
Қизғин мунозара шаклида ўтган учрашувда ўқувчиларнинг оналари, ўқитувчи-педагоглар ҳам ўз фикрларини билдиришди.
ЕИ кўмагида ва АCTED томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат фаолиятини ошириш йўли билан уларнинг ролини кўчайтириш бўйича лойиҳа билан танишиш учун Эдуардс Стипрайс Самарқанддаги «Раҳмдиллик» нодавлат-нотижорат ташкилоти — Мураккаб ҳаётий вазиятдаги аёлларни ижтимоий реабилитация қилиш марказида бўлди.
Марказ раҳбари Бибисора Орипова тўпланганларга лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Лойиҳа доирасида Ургут, Паст Дарғом ва Нуробод туманидаги аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши айтилди. Қишлоқ аёлларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга тадбиркорлик ва бизнес билан шуғулланиш сир асрорлари ўргатиш лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, маиший муаммолар гирдобида қолган оилаларга ҳам руҳий ва маънавий ёрдам кўрсатилади, оила аъзолари билан суҳбатлар уюштирилади.
Шунингдек, ННТга ташриф буюрганлар мазкур шелтер (бошпана)да яратилган шароитлар билан танишишди. Айтиш мумкинки, шелтер таъмирга муҳтож.
Айни пайтда бу ерда бирваракайига 25 нафар аёлни қабул қилиб, уларни таомлантириш, даволаш ва психологик кўмак хизматларини кўрсатиш учун имконият бор. Б.Орипованинг айтишича, марказда койкалар сонини 50 тагача етказиш учун имконият бор. Бироқ бунинг учун давлатнинг ёки ҳомий ташкилотларнинг ёрдами керак бўлади. Бу масалада марказ масъуллари вилоят ҳокими ҳузурига кириш учун навбатга ёзилишган. Улар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар тезроқ ҳал бўлишидан умидвор.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024