Ўзбекистон | 23:51 / 08.10.2018
29839
6 дақиқада ўқилади

Туркия элчиси: "Ўзбекистон инвестиция киритиш ва туризмни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга, бироқ..."

Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва туризмни ривожлантириш йўлидаги энг катта тўсиқ бу - ҳаво йўллари, уни муайян техник талабларни бажарувчи барча мамлакатлар учун очиш керак. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен KUN.UZ мухбирига шу ҳақида интервью берди.

"Туркия туризм соҳасида илғор мамлакатлар қаторида эканини ҳамма яхши билади. Мамлакат фақатгина туризмнинг ўзидан 30 миллиард доллар даромад кўради. Туркия энг кўп сайёҳ қабул қилувчи топ давлатлар бешталигидан ўрин олган. Шу сабабли ўзбек қардошларимиз бу соҳани ривожлантириш борасида Туркия тажрибасини ўрганиш тарафдори, зеро Ўзбекистоннинг туризм борасидаги салоҳияти жуда катта", - дейди элчи.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг салоҳияти айниқса зиёрат туризми, табиий туризм ва умуман ихтисослашган туризм турлари бўйича юқори. Туркия эса бу йўналишларда катта тажрибага эга. Аҳмад Башар Шеннинг маълум қилишича, ўзбекистонлик мутахассислар Туркияга бориб, у ердаги музейлар фаолиятини ўрганишмоқда, икки мамлакат бир неча марта делегациялар билан алмашган.

"Бундан ташқари, Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш керак. Бу йўналишда инфратузилмани бутунлай қамраб олувчи ягона дастур тузиб олиш лозим. Туркия томон бу иш бўйича ўз мутахассиси Содиқ Бадакни Ўзбекистонга таклиф этди. Туризм соҳасида яна бир мутахассисимиз уч ой "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да ишлади. У тизимни такомиллаштириш устида иш олиб борди. Булар бари тизимли масалалар", - қўшимча қилади у.

Элчининг таъкидлашича, Туркияда Ўзбекистонга туризм соҳасига инвестиция олиб кириш ҳақида эълон қилинган. Бугунга келиб Ўзбекистонда, жумладан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида  меҳмонхона қуришни бошлаган туркиялик ишбилармонлар билан бирга меҳмонхона қуриш истагидаги яна бошқа кишилар ҳам бор.

"Ўзбекистонга келиб, инвестиция киритиш, унинг ривожига ҳисса қўшиш истагидаги ишбилармонлар талайгина, бироқ бу йўлда бир муаммо бор - Ўзбекистон ўзининг ҳаво йўллари тизимини очиши керак. Масалан, Туркияга дунёнинг турли бурчакларидан парвозлар амалга оширилади, хоҳлаган одам хоҳлаган шаҳрига келиб кетаверади. Энг кўп сайёҳ Россиядан, яъни унинг турли шаҳарларидан келади - 2018  йилнинг илк саккиз ойидаёқ 6 миллион россиялик Туркияга саёҳат қилган. Туркияга парвозларнинг техник шартлари бор, масалан, бу ерга келувчи самолётларнинг ишлаб чиқарилганига 50 йилдан кўп вақт ўтмаган бўлиши керак. Шу каби техник жиҳатлар мувофиқ келса, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ўзбекистон эса бу борада анча ривожланиши лозим - бу ерга барча республикалардан самолётлар парвоз қилиши муҳим. Шунда ўз-ўзидан Ўзбекистонга сармоя олиб кирувчи инвесторлар сони кўпаяди, табиийки туризм шиддат билан ривожланади", - дея таъкидлайди Башар Шен.

Шу ўринда элчи мамлакатга ташриф буюрган инвестор, масалан, меҳмонхоналарнинг йиллик ўртача қанча сайёҳ билан тўлиши, қанчалик ўзини оқлашини ўрганишини таъкидлади. Агар меҳмонхона тўлмаса, у ҳолда бу ерда меҳмонхона қуришдан фойда йўқ, чунки хорижий сармоядор учун доимий даромад бўлмайди, қурилиш ўзини оқламайди. Самолётларнинг хорижий мамлакатлардан ҳафтада бир мартагина парвоз қилиши жуда кам. Инвестиция киритилиши ва туризм ривожланиши учун Ўзбекистон ҳаво йўллари очилиши керак.

Ипак йўлида туризм" XXIV Тошкент Халқаро туризм ярмаркасида Туркия элчихонаси 49 квадрат метр майдонни банд қилиб қатнашди. Туркия Республикаси элчихонасининг маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челеби кўргазманинг Ўзбекистон туризмини ривожлантириш учун эътибор қаратиши керак бўлган яна бир жиҳатига диққатни жалб қилди.

"Ўзбекистонда туризм ривожланиши учун бундай ярмаркаларга хусусий сектор ва туристик фирмаларнинг  ташрифи жуда муҳим. Бу ерда хусусий фирмаларининг қатнашмаётгани - камчилик. Бунга сабаб - ярмаркадаги стендларнинг ижара нархлари жуда қиммат. Бу масалани  зудлик билан ўрганиб чиқиб, нархларни пасайтириш йўлларини излаш керак, хусусий секторга ҳам имкон бериш лозим. Хусусий фирмалар ярмарка доирасида бир-бири билан танишиб, фикр алмашиб, Ўзбекистонга янгидан янги туристларни жалб қилиши керак. Мен нафақат Туркия, балки Ўзбекистонни ҳам танитишни, мамлакатда туризмни ривожлантиришни ҳамда юқори марраларни забт этишига тилакдошман", - дея таъкидлади Челеби.

Бундан тўққиз ой илгари KUN.UZ'да "Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга нималар тўсқинлик қилмоқда? Туркиялик экспертлар фикри" номли мақола тақдим этилган эди. Ўтган ойлар давомида мақолада келтирилган барча бандлар бўйича қатор ишлар амалга оширилди -  керакли қонунлар ишлаб чиқилди, сайёҳлар учун ҳожатхоналар қурила бошланди, йўл кўрсаткичлари ўрнатилмоқда, тезюрар поездлар хизмат қилмоқда, диққатга сазовор жойларда бепул Wi-Fi хизмати жорий қилинмоқда ва бу борада тадбиркорларга имтиёзлар берилмоқда, меҳмонхоналар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинмоқда, меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди, банк шохобчалари хизмат кўрсатмоқда ва ҳ.к. Буларнинг бари ҳақида сайтда мунтазам равишда мақолалар тақдим этиб борилди. Энди эса туркиялик  экспертлар ҳаво йўллари очилиши кераклигига, хусусий компанияларнинг ўзаро фикр алмашувига шароит яратилиши лозимлигига эътибор қаратишмоқда. Ўйлаймизки, соҳани ривожлантириш ва мамлакатга инвестиция киритишга тўсқинлик қилаётган бу каби муаммоларга тегишли ташкилотлар томонидан эътибор қаратилади.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид