Жамият | 22:02 / 09.10.2018
29185
6 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон туманида бир оила 3,5 ойдан буён электр энергиясиз қолмоқда. МИБ айбдорми?

«Kun.uz» таҳририятига Каттақўрғон тумани «Янги ҳаёт» маҳалласида яшовчи Феруз Зокиров томонидан мурожаат келиб тушди. Унинг таъкидлашича, 7 кишидан иборат оиласи уч ярим ойдан буён электр энергиясисиз қолган. Мурожаатчи бунга сабаб қилиб Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан хонадонни электр тармоғидан ноҳақ узганлигини кўрсатади.

Ушбу вазият жойига бориб ўрганилди. Маълум бўлишича, 2018 йил 21 июль куни МИБ инспектори Элмурод Мардонов «Янги ҳаёт» маҳалласи раиси Эркин Элмуродов билан бирга келиб, хонадоннинг электр ҳисоблагичини кўздан кечиради ва ҳисоблагич ишламаётганини қайд этиб, далолатнома асосида электр тармоғидан узади.

«Бу пайти биз уйда эмасдик, фақат онам уйда бўлган. Онамнинг гапларига қулоқ солишмаган. Далолатнома тузишда гувоҳ сифатида қатнашган маҳалла раиси Эркин Элмуродов далолатномага имзо қўймаган. Шу билан МИБ ходимлари 431323 сўм моддий зарар, 861200 сўм жарима, 344480 қайта улаш учун деб, жами 1637003 сўм тўлов тўлаш лозимлигини, бу тўлов тўланмаса, қайта тармоққа уламасликларини айтиб, далолатномани онамга бериб кетишган. Уйга қайтганимизда онам содир бўлган воқеани айтиб берди. Лекин биз доим электр ҳисоблагичнинг ишлашини назорат қилиб юрардик. Ҳисоблагич ишламай қолиши мумкин эмасди. Мен шуни аниқ биламанки, бу ерда МИБ ходимлари онамнинг соддалигидан файдаланган ва ҳисоблагични тармоқдан узиб, шитни муҳрлаб кетишган. МИБ ходимлари бу ишни «пландан» чиқиш учун қилишган. Ўша вақтда менда ортиқча пул йўқлиги ва шит муҳрлангани учун ҳисоблагични очиб текширтира олмасдим. Қолаверса, ўша вақти уйда ток бўлмаган бўлиши мумкин. Шу вақтда электр ҳисоблагич ишламаган бўлиши мумкин. Буни улар текшириб кўришмаган», дейди у.

Мурожаатчи таъкидлаганидек, далолатнома икки нусхада тузилган ва ҳақиқатан ҳам бири имзоланган, бир имзоланмаган.

Хонадон эгаси иддаоси юзасидан МИБ инспектори ва маҳалла раисидан изоҳ сўралди. Улар ҳақиқатан ҳам ток бор-йўқлигини текшириб кўришмаганини тан олишди.

«Уч ойдан зиёд вақт ўтди. Қарамоғимдаги ногирон ота-онам, турмуш ўртоғим, уч нафар вояга етмаган фарзандим билан (каттаси 5 ёш, ўртанчаси 3 ёш, кичиги 5 ойлик) жуда қийналдик. Солиқдан ҳам, бошқа мажбурий тўловлардан ҳам ҳеч қандай қарзимиз йўқ эди. Бизни ноҳақ электр тармоғидан узишди», дейди Феруз Зокиров.

«2018 йилнинг 26 сентябрида ҳисоблагични ёқтириш мақсадида МИБ Каттақўрғон туман бўлимига бордим. МИБ ходими А.Миршаев «Сенинг ҳисоблагичинг куйгани учун бизнинг ходимлар далолатнома тузишган», деб айтди. Эътироз билдирганимда, у электросетга бориб, ҳисоблагични лобаратория текширувдан ўтказишимни, агар ҳисоблагич ишлаётган бўлса, барча харажатларни далолатномани тузган ходимга тўлатишини айтди. Шундан сўнг мен шу куни электросетга бордим. Электросет ходимлари Раҳматилло ака ва унинг яна бир шериги билан уйимга келдик. Улар ҳисоблагични текширган вақтда ҳаммаси жойида ва ҳисоблагич ишлаётган эди. Шундан сўнг улар далолатнома асосида электр ҳисобагични лаборатория текшируви учун олиб берди», дея давом этган у.

Ушбу ҳолатни Каттақўрғон тумани «Электр тармоқлари» бошлиғи Фарҳод Пирматов ҳам ўрганишимиз давомида тасдиқлади.

Шундан кейин Ф.Зокиров Самарқанд шаҳрига келиб, тегишли идорадан электр ҳисоблагични лаборатория текширувидан ўтказади. Унга электр ҳисоблагич созлиги ҳақида ҳужжат — сетификат берилади. 

Демак, ушбу хулосага кўра, электр ҳисоблагич соз ҳолатда бўлган.

«Мен 5 октябрь куни туман МИБ ходими А.Миршаевнинг олдига кириб, ҳужжатларни бердим. У ҳужжатларни олиб, менинг ҳисоблагич кўрсаткичи бўйича 417033 сўм қарзим борлигини айтди. Кейин эса қайта улаш тўловини ҳам талаб қилди. Мен бу ерда айбим йўқлигини, электр ҳисоблагич соз ҳолатда бўлганини, ким айбдор бўлса, ўша одам харажатларни қоплаши лозимлигини айтдим. Шунда Миршаев мени бошлиғи Н.Тураповнинг олдига жўнатди. Мен бошлиқнинг олдига кирмоқчи бўлдим, аммо у қабул қилмади ва мени бошқа эшикка жўнатишди. Мен ўша эшикка бордим, у ерда ўтирганларга ҳужжатларни кўрсатиб муаммони тушунтирдим, у ердагилар мени пастки қаватга юбордилар. Мен пастки қаватга тушиб, муаммони айтган эдим, улар мени яна Миршаевнинг олдига жўнатишди. Хуллас, ўша куни эрталаб соат 08:00дан соат 11:00гача бинони айланиб юрдим, аммо муаммо ҳал бўлмади. Тепага чиқ, пастга туш, ана у эшикка бор, бошлиққа кир, бу эшикка бор. Бошқа гап бўлмади», деган мурожаатчи.

Ушбу масала юзасидан ўрганишимиз давомида иштирок этган МИБ Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Жамшид Аҳмедов билан суҳбатлашдик.

«Ушбу ҳолатни чуқур ўрганиб чиқамиз. Албатта, айбдор кимлигини аниқлаймиз», деган у.

Ҳолат шундай. Ажабланарлиси, бир оила уч ярим ойдан буён электр энергияси тармоғидан узилган ҳолда, қийналиб яшаса-ю, бирорта мутасадди бунинг учун қайғурмаса? Бу жараёнда иштирок этган маҳалла раиси ўзи масъул бўлган маҳалла фуқароси муаммосига нега ечим изламади? Фуқарога яқиндан кўмак бериш ўрнига, МИБ ходимлари уни нега бунча сарсон қилди?

Бу саволларга тегишли ташкилотлар ва мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид